2026-йилнинг январ–октябр ойларида давлат ташкилотларида ўтказилган хизмат текширувлари натижасида 1 минг 565 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Бу ҳақда Коррупсияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Агентлик маълумотига кўра, 10 ой давомида давлат ташкилотларида жами 5 минг 368 та хизмат текшируви ўтказилган. Уларнинг натижасида 594 та жиноий, 160 та маъмурий ва 4 минг 604 та интизомий жазо чораси қўлланилган.
Шунингдек, ҳисобот даврида 18 минг 970 та эҳтимолий манфаатлар тўқнашувининг олди олинган, мавжуд бўлган 1 минг 689 та ҳолат бартараф этилган.
Давлат харидларида эса умумий қиймати 297,4 миллиард сўм бўлган 114 та харид бўйича манфаатлар тўқнашуви ва аффилланганлик билан боғлиқ қонунбузилишлар аниқланиб, бартараф этилган.
Агентлик қайд этишича, бешта вазирлик ва ташкилотда ўтказилаётган ҳуқуқий эксперимент доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 247 миллиард сўм тежаб қолинган. Қурилиш соҳасида электрон тендерлар ҳисобига қарийб 1,5 триллион сўм иқтисод қилинган.




