Тошкент шаҳрида эркак ўзининг икки нафар вояга етмаган қизига нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда гумонланиб, қамоққа олинди. Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга оид процессуал ҳаракатлар давом этмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда фуқаро Ж.Н. турмуш ўртоғи М.А. икки нафар қизи — 2014-йилда туғилган М.Ш. ва 2021-йилда туғилган М.Э.га нисбатан жинсий зўравонлик содир этгани ҳақида видеомурожаат тарқалган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда. Зўравонликда гумонланаётган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари оилага психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни таклиф қилган. Бироқ мурожаатчи аёл болаларнинг ҳолати ва оилавий вазиятдан келиб чиқиб, ҳозирча бу хизматлардан фойдаланишни ихтиёрий равишда рад этган.




