Qorong‘i rejim
Жамият

Бухородаги мактаб можароси: бошқарма ўқувчилар парта ташимаганини айтмоқда, видеоларда эса бунинг акси

Akmal Eshonxonov37 кўришлар
Бухородаги мактаб можароси: бошқарма ўқувчилар парта ташимаганини айтмоқда, видеоларда эса бунинг акси

Аввалроқ таҳририятимиз Бухоро шаҳридаги 42-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларининг дам олиш кунида парта ва стул ташиётгани акс этган видеоларни эълон қилган эди. Ушбу ҳолат жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди. Шундан сўнг Бухоро вилояти Таълим ва илм-фан бошқармаси воқеа юзасидан расмий муносабат билдирди.

Бошқарма маълумотига кўра, 1958 йилда қурилган мактаб биносининг техник ҳолати кескин ёмонлашган. Шунингдек, таълим муассасасида ўқув ўринлари етишмовчилиги мавжуд. Бухоро вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясининг 2026 йил 9 ноябрдаги хатида мактаб бинолари фойдаланишга яроқсиз деб топилгани ва улардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича тавсия берилгани қайд этилган.

Шу муносабат билан ўқув жараёнини 44-сонли мактаб ҳамда Бухоро юридик коллежининг бўш турган биноларида давом эттириш режалаштирилган. Бошқарма жиҳозларни кўчириш ишларида техник ходимлар ва ихтиёрий равишда ёрдам бераётган ота-оналар иштирок этганини, ўқувчилар эса жараёнга жалб қилинмаганини маълум қилган.

Бироқ таҳририятга ота-оналар томонидан тақдим этилган видео ва фотосуратларда ўқувчиларнинг парта ва стулларни кўтариб, ташиётгани акс этган. Бу жараён дарс кунида эмас, шанба ва якшанба кунлари содир бўлган. Бир кун олдин, яъни шанба куни ҳам мактабда тўлиқ стул-парталар ташилган ва якшанба кунига ҳам чақирилган. Шанба куни болалар уйга келгач, ота-оналар нима учун кеч келганини сўрашганида, улар мактабда кўчиш ишлари бўлаётгани, парта-стуллар ташилаётганини айтишган. Эртаси куни ота-оналар фарзандлари ҳақиқатан ҳам мактабга бордими, стул-парта ташияптими ёки бошқа жойга кетдими деб назорат қилиш мақсадида боришган ва шу ҳолатга гувоҳ бўлишган. Шу тариқа, бошқарманинг расмий муносабатидаги маълумотлар билан тасвирларда кўринаётган ҳолат ўртасида тафовут юзага келмоқда.

Эътиборлиси, бошқарма ўз муносабатида ўқувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш ҳамда таълим жараёни узлуксизлигини сақлаш устувор вазифа эканини алоҳида таъкидлаган.

Хўш, агар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги ҳақиқатан ҳам устувор бўлса, нега улар оғир мактаб жиҳозларини ташиш жараёнида иштирок этган? Мактабда штатдаги техник ходимлар бўла туриб, бундай юмушларни ўқувчиларга топширишга нима сабаб бўлган? Бу жараёнда болаларнинг хавфсизлиги қандай таъминланган?

Меҳнат кодексида нима дейилган?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 5-моддасида мажбурий меҳнат тақиқланган. Унда мажбурий меҳнат шахсдан жазо қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, у ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай иш ёки хизмат сифатида белгиланган.

Кодекснинг 118-моддасига кўра, ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади. 15 ёшга тўлган ўқувчилар эса фақат ўқишдан бўш вақтда, соғлиғига ва таълим жараёнига зарар етказмайдиган енгил меҳнатга ота-онасидан бирининг ёзма розилиги билан жалб қилиниши мумкин.

Меҳнат кодексининг 354-моддасида 18 ёшга тўлмаган шахсларни оғир ишларга, зарарли ва хавфли меҳнат шароитларидаги ишларга жалб қилиш тақиқланган. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 июлдаги 290-сон қарори билан эса вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланган оғир ишлар ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишлар рўйхати тасдиқланган. Шунингдек, 18 ёшга тўлмаган ходимларнинг кўтариши ва ташиши мумкин бўлган оғир юклар бўйича ҳам алоҳида меёрлар белгиланган.

42-мактабдаги ҳолатда эса ўқувчиларнинг ёши, улар кўтарган жиҳозларнинг оғирлиги, иш жараёнидаги шароитлар ва болаларнинг бу юмушларга қандай жалб этилгани масаланинг ҳуқуқий жиҳатини белгилайди.

Ҳозирча бошқарма ўқувчилар иштирок этгани акс этган тасвирларга алоҳида изоҳ бермаган. Жиҳозларни кўчириш ишларига ким масъул бўлгани ва ушбу ҳолат юзасидан бирор хизмат текшируви ўтказилган-ўтказилмагани ҳам очиқ қолмоқда.

Болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини асраш нафақат расмий муносабатларда, балки амалий жараёнларда ҳам тўлиқ таъминланиши муҳим. Шу боис масъул идоралар видеоларда акс этган ҳолат юзасидан холисона изоҳ бериб, ўқувчиларнинг дам олиш кунида жиҳоз ташишга жалб этилган-етилмаганига ойдинлик киритишлари ҳамда ҳолатга қонуний баҳо беришлари мақсадга мувофиқ.

Picture background


Шу билан бирга, Таълим вазири Эркинжон Турдимовдан мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат кутиб қоламиз ва таҳририятимиз номидан ушбу масала бўйича журналистик сўров юборилишини маълум қиламиз.


Муҳаммад Али Қозоқов, Эффецт.уз

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Бухородаги мактаб можароси: бошқарма ўқувчилар парта ташимаганини айтмоқда, видеоларда эса бунинг акси | Effect.uz