Наманган шаҳрида яшовчи фуқаронинг хонадонида 3,3 миллиард сўмдан ортиқ қийматдаги 23 минг 432 дона дори воситаси сақланаётгани аниқланди. Маълум қилинишича, дорилар мамлакатга ноқонуний олиб кирилган ва уларнинг сифати кафолатланмаган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси Божхона қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Тадбир давомида Янги Наманган туманидаги «Мингтерак» маҳалласида яшовчи, 1996-йилда туғилган шахснинг хонадони текширилган. Натижада хорижда ишлаб чиқарилган 156 турдаги дори воситалари топилган.
Уларнинг дастлабки умумий қиймати 3,3 миллиард сўмдан ортиқ деб баҳоланган. Дори воситалари процессуал тартибда олиб қўйилиб, таркиби ва хусусиятларини аниқлаш учун экспертиза тайинланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ фуқароларни шунга ўхшаш қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Идора мурожаат қилувчиларнинг шахсий маълумотлари сир сақланишини кафолатлаган.




