Давлат хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда фуқароларни «Умра» зиёратига ноқонуний юбориш билан боғлиқ икки ҳолат аниқланди.
Биринчи ҳолат Андижон вилоятининг Асака туманида қайд этилди. «Умра» зиёратини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлмаган турфирма раҳбари уч нафар фуқарони Саудия Арабистонига юборишни ваъда қилиб, улардан 3 350 доллар талаб қилган. У пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Иккинчи ҳолат Тошкент вилоятининг Бекобод туманида аниқланди. Хусусий ўқув маркази раҳбари тўрт нафар фуқарони «Умра» зиёратига ноқонуний юбориш эвазига 4 800 доллар талаб қилган. Унинг укаси келишилган пулдан 2 000 долларни олдиндан олаётган вақтида ушланган.
Ушбу ҳолат юзасидан икки шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
ДХХ фуқароларни «Умра» зиёратини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларнинг таклифларига алданмасликка ва сафарни фақат белгиланган тартибда ваколат берилган ташкилотлар орқали расмийлаштиришга чақирди.




