Тошкентда икки нафар шахс буюртма асосида фуқароларни мажбуран олиб кетишни режалаштирган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Маълум қилинишича, бир фуқаро номаълум шахслар уни автомашинада олиб қочишга урингани, бироқ қаршилик кўрсатиб қочиб қолгани ҳақида мурожаат қилган. Тезкор тадбир натижасида 2003 ва 1998-йилларда туғилган, муқаддам судланган икки шахс қўлга олинган.
Уларнинг автомашинаси юкхонасидан ўткир тиғли болта топилган. Телефонлардаги Телеграм ёзишмалари эса яна бир фуқарони ҳам олиб кетиш режалаштирилганини кўрсатган. Гумонланувчилар уни ишхонаси олдида қарийб тўрт соат кутишган. Зарур ҳолатда электрошокердан фойдаланиш кўзда тутилган.
Ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми «б» ва «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.




