Президент Шавкат Мирзиёев «Навоиюран» корхонаси ва «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» АЖнинг 2026-йилдаги устувор вазифалари ҳамда келгуси режаларига бағишланган тақдимот билан танишди. Унда тоғ-кон саноатида ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва экспорт салоҳиятини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Бугунги кунда жаҳон бозорида муҳим минераллар ва металларга талаб ортиб бормоқда. Анъанавий металларга талаб йилига ўртача 1 фоизга ўсса, критик минераллар бозорида бу кўрсаткич 10 фоизни ташкил этмоқда.
Шу муносабат билан мамлакатда мавжуд минерал-хомашё базасидан самарали фойдаланиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспортни кенгайтиришга қаратилган ишлар олиб борилмоқда.
Тақдимотда «Ўзбекистон технологик металлар комбинати» фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил якунига қадар 12 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш, юқори софликдаги селен ва теллур ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган.
Президент муҳим минераллар бўйича янги ишлаб чиқариш йўналишларини ўзлаштириш вазифасини қўйди. Ҳозирги 5 турдаги маҳсулот — волфрам, молибден, селен, теллур ва ренийга қўшимча равишда яна 11 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
Режага кўра, 2030-йилгача 16 турдаги муҳим металлар бўйича ишлаб чиқариш ҳажмини 2,7 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган.
Волфрамни чуқур қайта ишлаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар ишлаб чиқилган. Уларни амалга ошириш учун 1,1 миллиард доллар инвестиция жалб этиш ва 2030-йилга бориб ушбу йўналишдаги ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 2,2 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.
Шунингдек, «Навоиюран» корхонасида уран ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги конларни ўзлаштириш ва геология-қидирув ишларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йилда ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, қўшимча сорбсия қурилмаларини ишга тушириш ҳамда 250 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Президент ишлаб чиқаришда муқобил технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш, 2030-йилгача сулфат кислотаси ўрнини босувчи реагентлар улушини 40 фоизга етказиш зарурлигини таъкидлади.
Умумий режаларга мувофиқ, 2030-йилгача уран ишлаб чиқариш ҳажмини жорий йилдаги 7,5 минг тоннадан 15 минг тоннага, аниқланган захиралар ҳажмини эса 200 минг тоннага етказиш кўзда тутилган.
Тақдимот якунида мутасаддиларга инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш, минерал-хомашё базасини мустаҳкамлаш, янги технологик қувватларни ишга тушириш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича топшириқлар берилди.




