Ўзбекистон ва Туркманистон давлат чегарасида жойлашган “Олот” чегара божхона постида транспорт оқимини тезлаштириш, логистика инфратузилмасини модернизация қилиш ва юк ташиш жараёнларини соддалаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Бугун Божхона қўмитаси раиси А. Мавлонов, транспорт вазири И. Маҳкамов, Автомобил йўллари қўмитаси раиси Ж. Турсунов ҳамда “Ўзсувтаъминот” АЖ раиси А. Сувонқулов пост фаолияти ва мавжуд инфратузилма имкониятларини ўрганди.
Маълум қилинишича, “Олот” божхона пости орқали ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситалари оқими йил сайин ортиб бормоқда. Жорий йилнинг 10 ойида пост орқали 243 мингдан зиёд транспорт воситаси ҳаракатланган. Бу кўрсаткич 2022-йилнинг мос даврига нисбатан 2,3 баробар кўп.
Айни пайтда пост орқали суткасига 1 200 тагача автотранспорт воситаси кириб-чиқмоқда. Бу эса мавжуд инфратузилмани такомиллаштириш ва транспорт оқимини самарали бошқариш заруратини юзага келтирмоқда.
Ўрганиш давомида ўтказувчанликни оширишга қаратилган бир қатор таклифлар илгари сурилди.
Жумладан, Туркманистон томони пандемия даврида жорий этилган “тиркама алмашиш механизми”дан воз кечиб, анъанавий халқаро юк ташиш тизимига қайтиши масаласи муҳокама қилинди. Бу ортиқча назорат жараёнларини қисқартириш ва транспорт ҳаракатини тезлаштириш имконини бериши мумкин.
Шунингдек, икки давлатнинг нейтрал ҳудудларини боғловчи “Ямонжар” канали устидан 1978-йилда қурилган, техник жиҳатдан эскирган кўприк ўрнига замонавий ва юқори ўтказувчанликка эга янги кўприк барпо этиш таклифи кўриб чиқилди.
Таклиф этилаётган кўприк ҳар икки йўналишда камида иккитадан юк автомобили ҳаракатланишига мўлжалланади. Бу юк ташиш жараёнларини тезлаштириш, чегарадаги тирбандликларни камайтириш ва пиёдалар ҳамда енгил автомобиллар ҳаракати учун қулайлик яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Илгари сурилган таклифлар тегишли идоралар томонидан ўрганилиб, уларнинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади. Асослантирилган таклифларни юқори даражада кўриб чиқиш учун киритиш белгиланган.




