2026-йилнинг январ–сентябр ойларида Тошкент шаҳрида ОИВ инфексиясининг 307 та янги ҳолати қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 тага кам. Бу ҳақда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 13-ноябрдаги қарорида маълум қилинган.
Ҳужжатга кўра, айни пайтда пойтахтда ОИВ билан яшаётганлар сони 10 382 нафарни ташкил этади. Уларнинг 5 916 нафари эркаклар, 4 465 нафари аёллар, 137 нафари эса 18 ёшгача бўлган болалардир.
Жорий йилда аниқланган янги ҳолатларнинг 233 таси (75,9 фоиз) жинсий йўл билан юққан. 13 та ҳолатда инфексия тиббий муолажалар, 4 та ҳолатда нотиббий парентерал йўл, 6 та ҳолатда эса гиёҳванд моддаларни томир ичига юбориш орқали юққан.
Туманлар кесимида энг юқори кўрсаткич Бектемир туманида — 17,0. Мисол учун, Мирободда 15,4, Учтепада 14,8, Янгиҳаётда 11,1, Сергелида 9,8, Яшнобод ва Юнусободда 9,7 ни ташкил этган. Ушбу туманлардаги кўрсаткичлар шаҳар ўртача даражасидан юқори.
Маълумот учун, 2025-йилнинг январ–сентябр ойларида пойтахтда ОИВ инфексиясининг 324 та янги ҳолати қайд этилган. Жорий йилда эса бу рақам 307 тани ташкил қилган.




