24-ноябр куни кутилаётган ёмғирлар сабабли Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқинлари юзага келиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги тезкор огоҳлантириш билан чиқди.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманлари, шунингдек, Ангрен ва Олмалиқ шаҳарларида сел келиш хавфи мавжуд.
Шу муносабат билан тоғолди ва тоғли ҳудудларда яшовчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда мазкур ҳудудлар орқали ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларини кўриш сўралди.
Шунингдек, республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир сувлари тўпланиши ва бунинг оқибатида айрим жойларни сув босиши эҳтимоли бор.
Фуқаролардан об-ҳаво шароитини инобатга олиш, сел келиши мумкин бўлган ҳудудлар ва сув оқимлари яқинида эҳтиёт бўлиш сўралмоқда.




