Йўлнинг бир қисми таъмирланмоқда, аммо давоми ҳар йили таъмирсиз қолиб кетмоқда. Автобус қатнови ҳам тўхтаган. Натижада аҳоли йўлдан ҳам, жамоат транспортидан ҳам қийналаётганини айтмоқда.
ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририятига йўлланган мурожаатда Тўрткўл туманига туташ ҳудуддаги йўлнинг Элликқалъа туманига қарашли қисми билан боғлиқ муаммо кўтарилган.
Мурожаатчига кўра, мазкур йўлнинг Тўрткўл тумани ҳудудидаги қисми ҳозир таъмирланмоқда. Бироқ йўлнинг тахминан 1–3 километрлик, Элликқалъа ҳудудига кирувчи қисми ҳар йили таъмирсиз қолиб кетмоқда. Унинг таъкидлашича, йўлнинг ҳолати транспорт ҳаракати учун жиддий ноқулайлик туғдирмоқда.
«Юқорида барча ташкилотлар бор. Илтимос, йўлларимизни бир текширсин, жойларни кўриб чиқсин», — дейди мурожаатчи.
Муаммо фақат йўл билан чекланмаётгани айтилмоқда. Мурожаатда маълум қилинишича, Тўрткўл томондан Элликқалъа ва унга яқин ҳудудларга аввал автобуслар қатнаган. Аммо автобус қатнови тахминан икки йилдан буён тўхтаган.
Мурожаатчи бунинг сабабини йўлнинг носозлиги билан боғламоқда. Унинг айтишича, йўлнинг ҳолати автобуслар ҳаракати учун қийинчилик туғдиргани сабабли қатнов тўхтатилган, аҳоли эса асосан енгил автомобиллар ва таксиларга таянишга мажбур бўлмоқда.
Мурожаатда айтилишича, айрим таксилар 50 километрга яқин масофа учун 50–60 минг сўм атрофида ҳақ олади. Бу эса аҳоли учун қўшимча харажат юзага келтираётгани таъкидланмоқда.
Энг асосий савол эса шу: Тўрткўл томонида таъмирланаётган йўлнинг давоми Элликқалъа ҳудудида нега ҳар йили таъмирсиз қолиб кетмоқда?
Шунингдек, йўл инфратузилмаси билан боғлиқ муаммо туфайли аҳоли учун муҳим бўлган автобус қатновини қайта тиклаш имкони борми? ЭФФЕЦТ.УЗ ушбу масала юзасидан масъул ташкилотларнинг муносабатини ўрганишга тайёр.




