Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида давлат захирасидаги 8 сотих ер майдонини бошқа шахс номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган фуқаро 7 минг АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида вилоят ИИБ ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида аниқланган.
Тезкор маълумотларга кўра, Янгиқўрғон туманида яшовчи, 1974-йилда туғилган шахс 1990-йилда туғилган тумандошига туман ҳокимлиги захирасидаги 8 сотих ерни унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига у 12 минг 300 АҚШ доллари талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида гумонланувчи талаб қилинган маблағнинг 7 минг долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Янгиқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги фуқароларни ер майдонлари билан боғлиқ масалаларда қонунга зид таклифларга алданмасликка ва шубҳали ҳолатлар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришга чақирди.




