Qorong‘i rejim
Жамият

Тошкент метросида йўловчилар оқими 20 фоизга ошди

Akmal Eshonxonov7 кўришлар
Тошкент метросида йўловчилар оқими 20 фоизга ошди

Тошкент метрополитенида йўловчилар оқими ортиб бормоқда. 2026-йил сентябр–октябр ойларида метро хизматидан 61,7 миллион нафар йўловчи фойдаланган. Бу 2025-йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоиз кўп.

Метрополитен маълумотига кўра, бугунги кунда метро кунига 1,2 миллион нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатмоқда.

Ҳозирда метро вагон паркида 55 та замонавий ва хизмат муддатини ўтаб бўлган 30 та эски ҳаракат таркиби мавжуд. Янги поездлар 1 300 нафаргача, эскилари эса ўртача 1 000 нафаргача йўловчи ташиш имкониятига эга.

Йўловчилар оқими юқори бўлган бекатларга қўшимча захира поездлари йўналтирилмоқда, поездлар орасидаги интерваллар ҳам имконият даражасида қисқартирилган.

Шунингдек, 2027–2028-йилларда Тошкент метрополитени учун 28 та беш вагонли замонавий поезд харид қилиш режалаштирилган. Мавжуд 40 та замонавий ҳаракат таркибига қўшимча вагонлар ўрнатилиб, улардаги вагонлар сонини бештага етказиш ҳам кўзда тутилган.

Метрополитен маъмурияти йўловчиларни гавжум бекатлар ўрнига муқобил бекатлардан фойдаланишга, поезднинг фақат бош ва охирги эмас, ўрта вагонларига ҳам чиқишга чақирди.

Шунингдек, поездга чиқишдан олдин тушаётган йўловчиларга йўл бериш, манзилга яқинлашганда эшиклар томон олдиндан ҳаракатланиш ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш сўралди.

Маълумот учун, метрополитен келтирган кўрсаткичларга кўра, Чилонзор бекатидан кунига ўртача 60–65 минг, Мирзо Улуғбек бекатидан 20–25 минг нафар йўловчи фойдаланади. Халқлар дўстлиги бекатида бу кўрсаткич 35–40 минг, Миллий боғ бекатида эса 6–8 минг нафарни ташкил этади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар