7 йиллик тарих — бир жамоа, турли тақдирлар ва ягона мақсад!
Эффецт.уз жамоаси ўзининг 7 йиллик юбилейи муносабати билан ўзига хос лойиҳа тайёрлади. Бу сафар жамоа аъзолари ўзларини ГТА 6 ўйини қаҳрамонлари образида намоён этиб, ўз фаолияти, босиб ўтган йўли ва таҳририят билан боғлиқ хотиралари ҳақида сўзлаб беришди.
Ушбу лойиҳа орқали жамоа аъзоларининг нафақат касбий фаолияти, балки шахсий кечинмалари, тажрибаси ва Эффецт.уз билан боғлиқ самимий фикрлари ҳам акс этди.
Етти йиллик тарихни яратган инсонлар, уларнинг хотиралари ва бир мақсад йўлидаги меҳнати — қуйидаги материалда.
Аброр Эшонхонов
Ассалому алейкум ҳурматли оиламиз аъзолари, қадрли обуначилар! Бугун мен ушбу мурожаатномани шинам офисда ўзим орзу қилгандек жамоам қуршовида сизларга йўлламоқдаман.
Лекин 7 йил олдин барчаси бошқача эди... Яратган эгамнинг ўзининг инояти ила 2019-йил ноябр ойида Акмал Эшонхонов ввв.эффецт.уз веб сайтига асос солди.
Дастлаб сайт ўз фаолиятини Наманган вилоятининг тоғли ҳудудида жойлашган Косонсой туманида биргина ишчи билан бошлади, яъни камина билан.
Биринчи офисимиз эсимда... Халқ тили билан айтганда “Пайнет” сифатида ишлаган бу тўртга тўрт хона бизга офис сифатида ҳам хизмат қилган.
Кейинчалик бош офисимиз Пойтахтга кўчди, сафимизга Рухсора Бахромзода, Элёрбек Тожибоев, Абдураҳим Сангилов ва Бекзодбек Раҳмонов қўшилди.
Фаолият Пойтахтга кўчгани билан, бизда вазият унчалик яхши эмасди, ходимларга етарлича техника етказиб бера олмаганлигимиз туфайли улар масофадан ишлашга мажбур эдилар.
Бу ҳам етмагандек 2020-йил коронавирус пандемияси бошланди, барча карантинда ўтирган вақтда эффектчилар катта саҳнага чиқди, Акмал Эшонхонов ва Рухсора Баҳромзода дуети ўз жонини хатарга қўйиб бўлса-да “ичкари”даги вазиятни ёритиб, номаълум хавфли вирус туфайли саросимага тушиб қолган халқимизнинг сал бўлса-да кўнглини хотиржам қилишга сабаб бўлишган десак адашмаймиз.
2021-йил масофадан ишлаган ходимлар бир офисга йиғилди, жамоамиз асосан ёш кадрлардан иборат эди, улар: Аброр Поёнов (ИИВ ходими), Ҳумоюн Орипов (Дарё.уз интернет нашри журналисти), Фазлиддин Меҳмонов (Демократ.уз асосчиси), Беруншоҳ Умуров, Хайрулла Ўрозов (дастурчи), Сайфулло Исахонов (собиқ эффецт.уз ходими) эдилар...
Сайтимиз ривожлангани сари, жамоамизга секин аста янги “қон”лар қўшила бошлади.
Улар:
Аъзам Хўжақўлов, Абдуллохон Исроилхонов, Жавоҳир Қадамов, Динара Қурбонбоева, Беҳрузбек Шоимқулов, Иброҳим Усмонов, Асадбек Комилов, Даврон Ҳасанов, Даврон Ҳолбоев, Ҳабиб Жўрабоев, Санжар ва Диёрбек Базарбеав, Муҳаммад Али Қозоқов, Акбар Нуримбетов, Камола Қурбонова, Нилуфар Ёриқулова, Шаҳзода Раимова, Моҳинур Ҳамдамова, Ҳилола Илашова, Зебинисо Сапарбоева, Маржона Қодирова, Рамзиддин Зайниддинов, Суҳроб Умаров, Моҳинисо Аҳатова, Ойбек Тўраев ва бошқалар...
Улардан кўпчилиги биздан узоқда, лекин уларнинг Эффецт.уз учун қилинган меҳнатлари доимо қадрланади ва шу фурсатдан фойдаланиб, сизларга баралла РАҲМАТ деб айтмоқчиман. Айтганча қийин вақтда таҳририятимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, сайтимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшган “Додаси ТВ” ЁуТубе канали асосчиси Машҳур Назарни ҳам унутмаймиз!
Агарда рўйхатнинг орасида ўзингизни тополмаган бўлсангиз ҳафа бўлманг, сизнинг меҳнатингиз туфайли шу кунгача етиб келдик.
Айтганча, эффектчилар қисқа 7 йил давомида кўплаб пасту-баландликлардан ўтишди, кўплаб қурбонликлар бўлди, аммо биз тўхтамадик, тўхтамаймиз ҳам! Негаки, бизнинг оиламиз ҳозир миллиондан ошди ва халқимиз биздан рози, демак БИЗ мақсад сари ҳали ҳам бир йўлдамиз...
Сўзимнинг охирида сиз қадрдон обуначиларимизга айни вақтда таҳририят учун жавлон ураётган эффектчиларнинг дил изҳорларини ҳавола қилмоқчимиз. Агарда қийин бўлмаса, сиз ҳам ўз фикрингизни қолдиришингиз мумкин!

Ҳилола Илашова
Журналистика шундай касбки, у инсонни доимо ўз устида ишлашга, билимини оширишга, ҳар қандай вазиятда таслим бўлмасликка ва фақат олға интилишга ундайди. Мен буларнинг барчасини Эффецт.узъдаги фаолиятим давомида англаб етдим.
Ушбу жамоага қўшилганимга бир йилдан ошди. Бу вақт давомида турли вазиятларга дуч келдим. Қувончли лаҳзалар мени хурсанд қилган бўлса, қийинчиликлар катта сабоқ бўлди. Энг муҳими, Эффецт.узъда журналистика соҳасида жуда кўп билим ва тажриба орттирдим.
Бизни қўллаб-қувватлаб келаётган барчага самимий миннатдорлик билдираман. Иншааллоҳ, Эффецт.уз бундан-да юксак марраларни забт этади. Мен бунга чин дилдан ишонаман!

Нилуфар Ёриқулова
Бир йил олдин бу жамоага келганимда, журналистика ҳақида деярли ҳеч нарсани билмас эдим. Бу ерда кўп нарсани ўргандим. Баъзиларини ўзим ўрганишга ҳаракат қилдим, баъзиларини эса менга сабр билан ўргатишди.
Бир йил ичида қувонган кунларим ҳам, чарчаган, қийналган пайтларим ҳам бўлди. Баъзан уддалай оламанми, деб ўйлаган вазиятларим ҳам бўлди. Лекин ҳар бир қийинчилик ортида бир сабоқ, ҳар бир топшириқ ортида янги тажриба борлигини тушундим.
Эффецт.уз менга фақат камерага қараб гапиришни эмас, фикрлашни, воқеаларга турли томондан қарашни ҳам ўргатяпти. Энг муҳими, журналист бўлиш фақат хабар ёзиш эмаслигини, бу касб ортида катта масъулият борлигини ҳис қилдим.
Бу йўлда менга ишонч билдирган, ўргатган, хатоларимни тўғрилаган инсонларга, бутун жамоамизга раҳмат!
Бугун Эффецт.уз 7 ёшда. Мен эса шу етти йиллик тарихнинг бор-йўғи бир йилига гувоҳ бўлдим. Аммо бу бир йил мен учун жуда кўп нарсани англатади.
Сайтимизнинг ўз йўли, ўз қарашлари бор. Танқид қилишдан, ноқулай саволлар беришдан, муаммоларни кўтаришдан чўчимайдиган жамоамиз бор. Шундайлигича қолишини истайман.
Ҳали кўп йиллар бирга ишлаш, кўп нарсаларни ўрганиш ва яхши натижаларга эришиш насиб қилсин. Энг муҳими, жамоамиз ҳамиша бир бутун бўлсин!

Шаҳзода Раимова
Эффецт.уз мен учун янги имкониятлар, тажриба ва изланишлар бошланган маскан.
Бу жамоага қўшилганимга бир йилдан ошди. Шу вақт ичида турли воқеаларнинг гувоҳи бўлдим, кўплаб инсонлар билан суҳбатлашдим, қувончли ва мураккаб вазиятларни бошдан кечирдим.
Буларнинг барчаси менга нафақат журналист сифатида, балки инсон сифатида ҳам кўп нарсани ўргатди.
Ҳали олдимда ўрганишим керак бўлган нарсалар, амалга оширмоқчи бўлган режаларим кўп. Иншааллоҳ, ҳали биргаликда кўплаб ютуқларга эришамиз!

Жонибек Абдумаликов
Мен Жони, видеограф ва монтажчи сифатида Эффецт.уз жамоасига 2026-йил 29-май куни келганман. Ўзимни янги йўналишда синаб кўришни хоҳладим, лекин бу осон бўлмади. Бир ҳафта ичида жамоа билан танишдим, ҳамкасблар билан ҳазиллашиб, тортишишга ҳам улгурдим.
Ҳа, бу жамоага келганимга ҳали кўп бўлгани йўқ. Аммо шу вақтгача бу ерда ўтказган кунларимдан ҳеч ҳам афсусланмайман. Масалан, менга жамоадаги муҳит ва ҳамкасбларим жуда ёқди. Улар қисқа вақт ичида мен учун қадрдон инсонларга айланишди. Тўғри, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Лекин бу жамоа эмас, бир оила. Шунинг учун ҳам унинг камчиликларига кўз юмишга арзийди.
Бу оилада йиллар давомида қолмаслигим мумкин. Аммо менинг мақсадим — Эффецт.уз учун фойдали иш қолдириш. Келажакда мени эслашганда, ёмон хотиралар эмас, яхши ном ва эзгу из қолдиришни истайман. Агар мен тайёрлаётган видеолар ва монтаж ишлари кимгадир фойда келтирса, бундан фақат хурсанд бўламан.
Обуначиларимизга айтадиган ягона сўзим: биздан узоқлашманг! Халқ манфаати йўлида биргаликда ечим топамиз.
7 ёш муборак, Эффецт.уз!

Ҳабиб Жўрабоев
Мен 2022-йилда Эффецт.уз жамоасига келганман. Мухбирлик, журналистика, операторлик ва монтаж ишларининг барчасини шу ерда ўргандим. Бу масканни ўз уйим, ўз оиламдек қабул қилдим. Соҳага оид кўплаб билим ва тажрибаларни айнан шу ерда орттирдим.
Аслида, ёзадиган гапларим, хотираларим талайгина. Бироқ ишимиз кўп.
7 ёшимиз муборак бўлсин! Жамоамизга омад ва улкан зафарлар тилайман!

Моҳинур Ҳамдамова
Менинг Эффецт.уз жамоасига келганимга бир йилдан ортиқ вақт бўлди.
Ортга қарасам, шу бир йилдан зиёд вақт давомида қанча воқеалар, қанча учрашувлар ва қанча кутилмаган вазиятларни бошдан кечирганимни яхши биламан. Бу давр мен учун ҳар доим ҳам осон кечмади.
Баъзан бир материал ортидан кутилмаган қийинчиликларга дуч келдим. Баъзан жавоб олиш учун қайта-қайта мурожаат қилишга, ўз позициямни асослашга, турли муносабат ва босимларга қарамай, ишни охирига етказишга тўғри келди. Одамларнинг дардини эшитиш, уларнинг муаммоларини холис ёритиш, воқеа жойида бўлиш ва ҳар бир айтилган сўз учун масъулиятни ҳис қилиш осон бўлмади.
Суд жараёнлари, фуқароларнинг йиллар давомида ечимини кутаётган муаммолари, масъуллар томонидан эҳтимолий босимларга дуч келиш, баъзан эса оддий саволга ҳам аниқ жавоб олиш учун курашиш — буларнинг барчаси касбий тажрибамнинг бир қисмига айланди.
Албатта, шу йўлда хато қилган, чарчаган, тушкунликка тушган, ҳатто раҳмат эшитганимда кўзларимга ёш келган пайтларим ҳам бўлди. Лекин ҳар бир қийин вазият менга сабрлироқ ва қатъиятлироқ бўлишни ўргатди. Энг муҳими, ўзимга бўлган талабни оширди. Бугун кечаги кунимга қараганда кўпроқ нарсани биламан, кўпроқ масъулиятни ҳис қиламан ва олдимга қўйган мақсадларимга янада жиддийроқ қарайман.
Эффецт.уз менга ўзимни синаб кўриш, имкониятларимни кашф этиш ва журналист сифатида шаклланиш учун катта имконият берди. Бунинг учун менга ишонган, баъзан тўсқинлик қилган ва қийин вазиятларда қўллаб-қувватлаган инсонлардан миннатдорман.
Бугун Эффецт.уз 7 ёшда. Жамоанинг бугунги натижаларида меҳнати сингган ҳар бир инсонни табриклайман. Олдинда ҳали талайгина режаларимиз, мақсадларимиз ва эришишимиз керак бўлган марралар бор.
Мен эса ҳали бу йўлнинг бошидаман.
7 ёшинг муборак бўлсин, Эффецт.уз!

Санжар Базарабаев
Эффецт.уз жамоасига келганимга бир ярим йил бўлди. Бу ерга илк бор келганимда ҳеч нарсани билмас эдим. Шу жамоада операторликни, монтаж қилишни, одамлар билан муомала қилишни, қонун-қоидаларни ўргандим. Янги акалар топдим, озми-кўпми тажриба орттирдим.
Бу ерга келганимдан бошлаб мени ўз укасидек кўрган акаларим — Акмал ака, Бегзод ака, Муҳаммадали ака, Аброр ака, Даврон ака, устозим Ҳабиб ака, Отабек ака ва Жонибек акадан ҳар бири ўзим учун керакли бўлган кўплаб нарсаларни ўргандим. Уларнинг ҳар бири менинг шаклланишимда ўз ўрнига эга.
Бугун Эффецт.уз ташкил этилганига 7 йил бўлди.
Ўйлайманки, ушбу жамоада яна кўп йиллар оиладек аҳил бўлиб бирга ишлаш насиб қилади.
Эффецт.уз, 7 ёшинг муборак бўлсин!

Диёрбек Базарбаев
ЭФФЕЦТ.УЗ — 7 ЁШДА!
Етти йил — бу шунчаки вақт эмас. Бу изланишлар, меҳнат, жасорат, ҳақиқат йўлидаги қатъият ва катта масъулият билан босиб ўтилган йўлдир.
ЭФФЕЦТ.УЗ жамоасининг бир қисми бўлиш мен учун алоҳида шараф. Бу даргоҳ менга журналистика нафақат касб, балки жамият олдидаги масъулият, ҳақиқатга садоқат ва холислик эканини янада чуқурроқ англатди.
Ушбу йиллар давомида турли воқеалар, мураккаб жараёнлар ва долзарб мавзулар ортида бир мақсад — жамоатчиликка ҳаққоний ахборот етказиш тамойили мужассам бўлди.
Албатта, босиб ўтилган йўлда ютуқлар ҳам, синовлар ҳам бўлди. Аммо энг муҳими, ЭФФЕЦТ.УЗ ўз йўли, ўз услуби ва ўз позициясига эга бўлган ахборот майдони сифатида шаклланди.
ЭФФЕЦТ.УЗъга 7 ёш муборак бўлсин!
Келгусида ҳам қаламимиз ўткир, позициямизнинг қатъияти мустаҳкам, ҳақиқатга бўлган садоқатимиз эса ўзгармас бўлсин!
Ҳақиқатни ёзиш — масъулият, уни ҳимоя қилиш эса жасоратдир!

Отабек Умаров
Бугун ЭФФЕЦТ.УЗнинг 7 йиллиги нишонланмоқда!
Шу муносабат билан мен ҳам қалбимдаги дил изҳорларимни билдирмоқчиман.
Мен бу оилага 2022-йил охири — 2023-йил бошларида келиб қўшилганман. Бунга раҳбаримиз Акмал акам сабабчи бўлганлар. Энг қийин пайтимда қўл чўзиб, мени шу жамоага олиб келганлар. Ўша пайтларда фақат операторлик билан шуғулланардим. Орада айрим сабабларга кўра танаффус қилдим, аммо қайтганимга ҳам мана, бир йил бўлди!
Қайтганимда бошида бироз қийиндек туюлди: жамоада янгилар кўп, ҳамма ўз иши билан банд, гўё ҳазил-ҳузул ҳам йўқдек эди. Монтажни мукаммал ўргангунимча анча гап ҳам эшитдим. Аммо ўша танбеҳлар мен учун катта сабоқ бўлди. Бугун эса ҳам операторликда, ҳам монтажда ўз ўрнимга эгаман. Буни раҳбаримнинг менга билдирган ишончи ва берган танбеҳлари самараси деб биламан!
Бугун эса жамоадаги ҳар бир инсон мен учун оила аъзосидек яқин. Ишдан ташқари вақтларда бирга «Мафия» ўйнаймиз, квестларга борамиз, ҳазил-ҳузул қиламиз.
Бошимиздан оғир кунлар ҳам, қувончли дамлар ҳам ўтди. Лекин биргаликда шу маррагача етиб келдик. Ҳаммангизга раҳмат! Сизларни яхши кўраман! Ёзай десам, гаплар кўп... Ҳа майли, асосийси, бошимиз омон бўлсин, бизга билдирилган ишончни биргаликда оқласак бўлди!
ЭФФЕЦТ.УЗ — бу ишонч, бу оила, манфаатлар тўқнашувидан холи ва сензурасиз ягона майдон! Энг муҳими, мен ўз ишимни севаман, чунки бизда тезлик, сифат ва масъулият бор.
Дилдаги барча гапларимни ёзай десам, ўқишга эриниб қоласизлар, деб ўйладим.
7 йиллигимиз муборак бўлсин, қадрдонлар! ЭФФЕЦТ.УЗ — мақсад сари биргаликда!

Даврон Холбоев
Эффецт.уз — ҳаётимнинг 6 йили
Бундан роппа-роса 6 йил аввал Эффецт.уз остонасига илк бор қадам қўйган эдим. Ўшанда олдимда катта орзулар, режалар ва журналистика оламига бўлган қизиқиш бор эди.
Вақт ўтиб, бу маскан ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланди. Шу ерда улғайдим, тажриба орттирдим, кўп нарсани ўргандим. Турли инсонлар билан учрашдим, қувончли ва мураккаб вазиятларни бошдан кечирдим. Баъзан биргина материал ортида қанча меҳнат, изланиш ва масъулият туришини англадим.
Олти йил — оз муддат эмас. Бу вақт ичида қанча воқеалар, қанча суҳбатлар, қанча хотиралар ортда қолди. Энг муҳими, кечаги мен билан бугунги мен ўртасида катта фарқ бор.
Эффецт.уз мен учун шунчаки иш жойи эмас. Бу — ҳаётимнинг муҳим саҳифаси, касбий шаклланишимдаги катта мактаб.
Олти йил аввал бу ерга қандай орзулар билан келган бўлсам, бугун ортга назар ташлаб, босиб ўтган йўлимни сарҳисоб қиляпман.
Ҳар бир масканнинг инсон ҳаётида ўз ўрни бўлади. Эффецт.узънинг менинг ҳаётимдаги ўрни эса алоҳида.
Эффецт.уз — ҳаётимнинг бир бўлаги!

Муҳаммад Али Қозоқов
Эффецт.уз — ҳақиқат ва масъулият минбари!
Эффецт.уз бугунги кунда ахборот оламида қўрқмасдан ҳақиқатни айтадиган, мавжуд муаммоларни очиқ олиб чиқадиган кам сонли интернет нашрларидан биридир.
Фаолиятим давомида бу жамоага келгунимга қадар кўплаб жойларда, жумладан, телеканаллар ва давлат идораларида ишлаганман. Бу жараёнларда анча тажриба орттирдим. Бироқ фаолиятим маълум бир белгиланган доира билан чекланган эди.
Эффецт.узъдаги фаолиятимга икки ярим йилдан ошди. Бу ерда эркин ижод қилишни бошладим. Кўплаб лавҳалар тайёрладик, инсонлар билан ишлашга киришдик, кўтарилаётган муаммолар кўлами кенгайди. Буларнинг барчаси мен учун катта тажриба бўлди, касбий малакамни янада мустаҳкамлади.
Ҳар сафар фуқаролар мурожаатларини ўрганар эканман, елкамда Эффецт.узънинг шаъни ва кўп сонли ҳамкасбларимнинг қадр-қиммати турганини ҳис қиламан. Бу эса мени ҳар бир ишга янада масъулият билан ёндашишга ундайди.
Бир сўз билан айтганда, Эффецт.уз — мен учун ижодий ва ҳаётий мактаб.
7 ёшинг муборак бўлсин, Эффецт.уз! Фаолиятинг бардавом бўлсин, узоқ йиллар халқимизга хизмат қил! Биз ҳам ўз ишимизга садоқат билан хизмат қилишда давом этамиз.
Бизга яратилган барча имкониятлар ва билдирилган ишонч учун раҳбаримизга самимий миннатдорлигимни билдираман.
Эффецт.узъни кузатишда давом этинг! Биз сизга воқеаларнинг асл моҳиятини кўрсатамиз.

Даврон Ҳасанов
Мен Эффецт.узъдаги фаолиятимни 2020-йил ноябр ойида бошлаганман. Илк кунларимданоқ раҳбаримиз билан маслаҳатлашиб, бир мақсад йўлида елкама-елка ишладик, изландик ва биргаликда ривожландик.
Бу йиллар давомида қанча меҳнат қилингани, қанча изланишлар олиб борилгани ва қанчадан-қанча тажриба тўпланганини сўз билан ифодалаш қийин.
Хуллас, бизнинг салоҳиятимизга шубҳа қилсангиз, кўп гапиришнинг ҳожати йўқ. Биз яратган видеоматериалларни томоша қилинг. Уларда бизнинг меҳнатимиз, изимиз ва тарихимиз мужассам.
Эффецт.уз — меҳнатимиз ва тарихимиз!

Беҳзодбек Раҳмонов
Эффецт.уз — мен учун ҳақиқат ва масъулият мактаби!
Эффецт.уз жамоасида фаолият юритиш мен учун нафақат касбий тажриба орттириш, балки журналистикага бўлган қарашимни янада бойитиш имкониятидир.
Бу ерда ҳар бир материал ортида қанчадан-қанча меҳнат, изланиш ва масъулият борлигини англадим. Журналист учун энг муҳими — воқеаларга бефарқ бўлмаслик, инсонлар дардини эшитиш ва уларнинг муаммоларини холис ёритиш эканини тушундим.
Эффецт.уз менга ўз фикримни эркин ифода этиш, долзарб мавзуларни кўтариш ва жамиятдаги муаммоларга журналистик нуқтаи назардан ёндашиш имконини бермоқда.
Албатта, бу йўлда қийинчиликлар ҳам, ўрганишим керак бўлган жиҳатлар ҳам кўп. Аммо айнан шу жараёнлар инсонни чиниқтиради ва касбий жиҳатдан ривожлантиради.
Бугун Эффецт.уз ташкил этилганига 7 йил тўлди. Шу йиллар давомида сайт ўз аудиторияси, ўз услуби ва ўз позициясига эга бўлган ахборот майдонига айланди. Ушбу жамоанинг бир қисми эканимдан мамнунман.
Жамоамизга, бизга ишонч билдириб келаётган раҳбариятга ва бизни доимо қўллаб-қувватлаётган обуначиларимизга миннатдорлик билдираман.
7 ёшинг муборак бўлсин, Эффецт.уз!
Олдинда янада катта марралар, янги изланишлар ва эзгу мақсадлар бор. Ҳақиқат йўлидаги фаолиятимиз бардавом бўлсин!

Рухсора Баҳромзода
Эффецт.уз — 7 ёшда!
Эффецт.уз менинг сиёсий журналистикага қўйган илк қадамим эди. Сайтнинг ташкил топиши ва унинг энг қийин кунлари ҳали ҳамон ёдимда. Имкониятлар чекланган даврлардан бугунги имкониятлар замонигача қанчадан-қанча курашлар, изланишлар ва ҳаракатлар бўлди.
Сайт раҳбари Акмал Эшонхоновнинг йўқликдан борликкача қандай етиб келганига тирик гувоҳман.
Сайтга асос солинган пайтларда дуч келинган тўсиқлар ва ўша даврларни эсласак, бугунги кунларни ҳатто тасаввур ҳам қилмаган эдик. Бугун эса катта ташкилот, катта жамоа, обрў-еътибор ва энг асосийси, жамиятда ўз ўрнимизга эга бўлдик.
Эффецт.уз шунчаки сайт эмас. У кўплаб инсонларнинг ички овози. Кимлар учундир илк қадам, кимлар учундир дадил юришларга туртки бўлди. Кимлар учундир ғурур ва ориятга айланди, яна кимлар учундир нажот берувчи қалқон бўлди.
Бугун шу тарих ёзила бошлаганига 7 йил бўлибди.
Бу даврни бир гўдакнинг туғилиб, 7 ёшга тўлиши билан қиёсласак, унинг қандай тарбия топаётгани, одоб-ахлоқи ҳақида сўз боради. Эффецт.уз ҳам бу йиллар давомида катта тажриба тўплаб, ўзини намоён эта оладиган даражага етди. Бугун нафақат катта аудиториямиз, балки халқимизнинг юксак ишончи ҳам бор.
Етти йиллик юбилей нафақат бизнинг, балки бизни қўллаб-қувватлаб келаётган халқимизнинг ҳам байрамидир.
Сайт раҳбари Акмал Эшонхоновга алоҳида табригимни йўллайман. Ютуқларингиз бардавом бўлсин! Сиз буни уддаладингиз. Шу кунларга биргаликда етиб келганимизни кўриб турганимдан мамнунман.
Эффецт.уз, 7 йиллик юбилейинг муборак бўлсин!

Акмал Эшонхонов — бир жамоа, бир мақсад ва етти йиллик тарих!
Ҳар бир катта ишнинг ортида уни бошлашга журъат қилган, қийинчиликларга қарамай давом этган ва ўз мақсадига ишонган инсон туради. Эффецт.узънинг бугунги даражага етишида ҳам ана шундай қатъият, меҳнат ва ишонч мужассам.
Сайт раҳбари Акмал Эшонхонов билан бир мақсад йўлида елкама-елка ишлаб келаётган жамоа сифатида шуни айтишимиз мумкинки, бугунги натижалар осонлик билан қўлга киритилмаган. Йўлда тўсиқлар ҳам, синовлар ҳам, мураккаб вазиятлар ҳам кўп бўлди. Аммо ҳар сафар олдинга интилиш, янги имкониятлар яратиш ва жамоани бир мақсад атрофида бирлаштиришга бўлган ҳаракат тўхтамади.
Раҳбарлик фақат вазифа тақсимлаш ёки топшириқ бериш эмас. Бу — жамоага ишонч билдириш, ҳар бир ходимнинг имкониятини кўра билиш, керак пайтда қўллаб-қувватлаш, хатолардан тўғри хулоса чиқаришга ундаш ва энг муҳими, масъулиятни ўз зиммасига олишдир.
Акмал Эшонхонов бизга нафақат ишлаш, балки фикрлаш, изланиш, савол бериш, муаммоларни кўтариш ва ўз позициямизни ҳимоя қилиш имкониятини берди. Ҳар биримиз бу жамоада ўз йўлимизни топдик, тажриба орттирдик ва касбий жиҳатдан шаклландик.
Бугун Эффецт.уз ўз аудиторияси, ўз қарашлари ва ўз позициясига эга бўлган ахборот нашрига айланган бўлса, бунда раҳбаримизнинг меҳнати ва қатъияти алоҳида ўрин тутади.
Албатта, олдимизда ҳали кўплаб режалар, янги лойиҳалар ва забт этиладиган марралар бор. Биз эса бир жамоа бўлиб, шу йўлда меҳнат қилишда давом этамиз.
Акмал ака, бизга билдирган ишончингиз, яратган имкониятларингиз ва ҳар биримизга берган тажрибангиз учун раҳмат! Баъзан айтилган танбеҳларингиз ҳам, қўллаб-қувватлаган пайтларингиз ҳам бугунги шаклланишимизда ўз ўрнига эга.
Сизга мустаҳкам соғлиқ, куч-қувват, оилавий хотиржамлик ва янги зафарлар тилаймиз. Биз ҳамиша бир мақсад — халққа холис ахборот етказиш ва жамоатчилик ишончини оқлаш йўлида биргамиз!
Эффецт.узънинг 7 йиллиги муборак бўлсин!
Бир раҳбар, бир жамоа, бир мақсад — ҳақиқат йўлида! ❤️
Ҳурмат билан, Эффецт.уз жамоаси.





