Ўзбекистонда жорий йилда 42,8 минг гектар майдонда саноатлашган интенсив боғ ва токзорлар ташкил этиш белгиланган. Бу ҳақда Агросаноатни ривожлантириш агентлиги етакчи мутахассиси Фаррух Мўминов иштирокидаги брифингда маълум қилинди.
Президентнинг 2026-йил 9-июндаги ПФ-108-сон фармонига мувофиқ, баҳор мавсумида 19,2 минг гектар майдонда янги боғ ва токзорлар ташкил этилган, 22,2 минг гектар эски боғ реконструксия қилинган. Кузги мавсумда эса 25,7 минг гектарда янги боғ ва токзорлар барпо этилмоқда.
Ҳозирга қадар 13,9 минг гектар яроқсиз боғ бузилиб, ер майдонлари экишга тайёрланган. Шунингдек, 4,6 минг гектар ер ауксион ва тегишли қарорлар асосида ажратилган.
Бундан ташқари, 1 717 та лойиҳа бўйича умумий 20,2 минг гектар майдонда боғ барпо этиш учун тадбиркорларга техник-иқтисодий асослар ва техник шартлар бепул тайёрлаб берилган.
Брифингда халқаро ҳамкорликдаги лойиҳалар ҳам тилга олинди. Жумладан, Эрон билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида 1,3 минг гектар майдонда писта боғи барпо этиш режалаштирилган.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 500 гектарга 4–6 йилда ҳосилга кирадиган, гектаридан 3 тоннагача ҳосил бериши кутилган серҳосил писта навлари экилади.




