Qorong‘i rejim
Жамият

100 миллион сўмлик можаро: энди масалани кўтарганларга босим ўтказиляпти, вазирлик нима дейди?

Akmal Eshonxonov67 кўришлар
100 миллион сўмлик можаро: энди масалани кўтарганларга босим ўтказиляпти, вазирлик нима дейди?

Сариосиё туманидаги 86-мактабга ажратилган 100 миллион сўмлик ҳомийлик маблағи атрофидаги можаро янги саволларни юзага чиқармоқда. Аввал маблағ мактаб раҳбаридан талаб қилингани ҳақида мурожаат қилинган бўлса, энди масалани кўтарган шахс унга нисбатан ишдан бўшатиш, жиноий иш қўзғатиш ва қамоққа олиш билан боғлиқ босимлар бўлаётганини иддао қилмоқда.

Мурожаатчи баёнига кўра, тоғли ҳудудда жойлашган Сариосиё туманидаги 86-мактаб битирувчиларидан бири таълим муассасасига 100 миллион сўм ҳомийлик маблағи ажратган. Унинг таъкидлашича, туман таълим бўлими раҳбари Шерзод Бобоев ушбу маблағни мактаб директоридан талаб қилган.

Ушбу ҳолат аввалроқ ЭФФЕЦТ.УЗ томонидан ёритилган эди. Жамоатчилик эътиборини тортган можаро юзасидан Сурхондарё вилояти таълим бошқармаси ҳам расмий муносабат билдирган. Бироқ мурожаатчи масала ёритилганидан кейин вазият янада жиддий тус олганини айтмоқда.

Унинг таъкидлашича, унга нисбатан ички ишлар органлари ва прокуратура томонидан босим бўлган. Мурожаатчи ҳатто Сурхондарёга қайца, ушланиши ва жиноий иш қўзғатилиши мумкинлигидан хавотирланаётганини билдирди.

Шунингдек, у Таълим ва илм-фан вазирлигига мурожаат қилганини, бироқ қабул жараёнидан қониқмаганини айтди. Мурожаатчи қўлида 100 миллион сўмлик ҳолатга оид аудиоёзувлар, ҳужжатлар ва бошқа далиллар борлигини билдирган.

Унинг айтишича, вазирликдаги қабул вақтида мазкур материалларни тўлиқ эшитиш ва кўриб чиқишга етарлича имконият берилмаган.

Мурожаатчи, шунингдек, Шерзод Бобоевнинг юқори лавозимда ишловчи айрим шахслар билан қариндошлик алоқалари борлигини ва бу унга таъсир доирасини кенгайтириш имконини бераётганини даъво қилмоқда. Бироқ бу маълумотлар ЭФФЕЦТ.УЗ томонидан мустақил равишда тасдиқланган эмас.

Эътиборли жиҳати — мазкур ишда бир нечта савол бир нуқтада туташмоқда: 100 миллион сўмлик ҳомийлик маблағи ҳақиқатан ким томонидан ва нима мақсадда талаб қилинган? Мурожаатчининг қўлидаги аудиоёзув ва ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилганми? Унга нисбатан жиноий иш қўзғатиш билан боғлиқ ҳаракатлар мавжуд бўлган бўлса, бунинг асоси нимадан иборат?

Энг муҳими, бу саволларга фақат мурожаатчининг баёноти эмас, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Таълим ва илм-фан вазирлигининг расмий позицияси ҳам ойдинлик киритиши керак.

ЭФФЕЦТ.УЗ ушбу ҳолат юзасидан мутасадди ташкилотларнинг расмий муносабатини кутади. Мурожаатчи келтирган айбловлар ҳозирча унинг шахсий баёни бўлиб, уларга тегишли идоралар томонидан ҳуқуқий баҳо берилгани ҳақида маълумот тақдим этилмаган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

100 миллион сўмлик можаро: энди масалани кўтарганларга босим ўтказиляпти, вазирлик нима дейди? | Effect.uz