Ушбу саволга “Тошкент метрополитени” АЖ расмий муносабат билдирди.
"Ижтимоий тармоқларда “Тошкент метрополитени” АЖда фаолият юритаётган фаррош ходимларнинг ойлик иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб берилмаётгани ёки умуман берилмаётгани ҳақида ҳақиқатга мос келмайдиган хабарлар тарқатилмоқда.
Мазкур асоссиз даъволар юзасидан “Тошкент метрополитени” АЖ қуйидагиларни расман маълум қилади.
Аввало, жамиятда меҳнат қилаётган ходимларнинг, хусусан, фаррошларнинг меҳнати муносиб қадрланади. Уларнинг иш ҳақларини ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб бериш жамият маъмуриятининг доимий эътиборида бўлган устувор масалалардан биридир.
Келтирилган даъволардан фарқли равишда, метрополитен ходимларининг иш ҳақи миқдори сўнгги йилларда сезиларли даражада оширилган.
Хусусан, 2021-йилда “Тошкент метрополитени” АЖ ходимларининг ўртача ойлик иш ҳақи 2,8 миллион сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 8,4 миллион сўмга етган. Шунингдек, 2026-йил давомида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи яна 20 фоизга оширилган.
Бевосита фаррош ходимларга тўхталадиган бўлсак, 2021-йилда уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 1 миллион сўм атрофида бўлган. Ҳозирги кунда эса меҳнат стажи ва тегишли меҳнат шартларига кўра, ушбу тоифадаги ходимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 6–7 миллион сўмгача етган.
Энг муҳими, жамиятда ходимларга ҳисобланган иш ҳақлари ҳар ойнинг бошида белгиланган тартибда, мунтазам ва узлуксиз равишда тўлаб келинмоқда. Иш ҳақлари берилмаётгани ёки ушлаб қолинаётгани ҳақидаги даъволар ҳақиқатга мутлақо мос келмайди.
Шу ўринда, ижтимоий тармоқларда текширилмаган маълумотларни тарқатиш, асоссиз айбловлар билан чиқиш ҳамда ташкилотнинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи ахборотларни оммалаштиришга йўл қўйиб бўлмаслигини алоҳида таъкидлаймиз.
Ҳар қандай ахборотнинг оммавий тарқатилиши унинг ҳаққонийлиги учун масъулиятни истисно этмайди. Амалдаги қонунчиликда ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик, шунингдек, ташкилотнинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи ахборотлар юзасидан тегишли ҳуқуқий жавобгарлик чоралари белгиланган. Қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган тақдирда, айбдор шахсларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чоралар кўрилиши муқаррар.
“Тошкент метрополитени” АЖ ижтимоий тармоқ фаоллари ва мазкур мавзуда чиқиш қилаётган саҳифа маъмурларини тахмин ва бирёқлама хулосаларга эмас, балки аниқ фактларга таянишга чақиради. Агар келтирилаётган даъволар юзасидан асосли далиллар мавжуд бўлса, уларни очиқ мулоқот доирасида тақдим этишга тайёрмиз.
Асоссиз ахборот тарқатиш орқали жамоатчиликни чалғитишга ва жамият обрўсига путур етказишга қаратилган ҳар қандай уринишларга нисбатан қонуний чоралар кўрилад“Тошкент метрополитени”, - дейилади расмий муносабатда.




