Жамият

10 минг қадам юрган фуқаролар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши мумкин

Akmal Eshonxonov25 кўришлар
10 минг қадам юрган фуқаролар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши мумкин

Спорт вазирлиги "10 минг қадам пиёда" аксиясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Лойиҳага кўра, бир йил давомида энг кўп қадам босган фаол иштирокчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши мумкин.

Аксияда 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари иштирок этиши кўзда тутилган. Соврин олиш учун иштирокчи йил давомида Ўзбекистон ҳудудида энг кўп қадам босганлардан бири бўлиши ва ҳар куни камида 10 минг қадам юриши керак.

Аксия мобил илова ва веб-порталдан иборат махсус рақамли платформа орқали ташкил этилади. Иштирокчиларнинг қадамлар сонини Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси кузатиб бориши режалаштирилган.

Натижалар ғайриоддий даражада юқори бўлса, сунъий интеллект ёки автоматлаштирилган дастурлардан фойдаланиш аломатлари аниқланса, бошқа иштирокчилардан шикоятлар келиб тушса ёки техник носозлик юз берса, кўрсаткичлар қайта текширилиши мумкин.

Низом лойиҳаси 13-ноябргача жамоатчилик муҳокамасида бўлади. "10 минг қадам пиёда" платформаси дастлаб 2021-йил июн ойида ишга туширилган, 2022-йил апрелида эса босиб ўтилган қадамлар учун фуқароларни рағбатлантириш тартиби бекор қилинган эди.

Ташаббусни қайта тиклаш режалари 2026-йил 23-март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги 2026–2030-йилларга мўлжалланган умуммиллий лойиҳалар тақдимотида маълум қилинганди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

10 минг қадам юрган фуқаролар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши мумкин | Effect.uz