Афғонистонда Қўштепа каналининг иккинчи босқичидаги қазиш ишлари 99 фоизга якунланган. Афғонистон Миллий тараққиёт корпорацияси бош сув олиш иншоотидаги ишлар тугаллангач, Амударё сувини каналга йўналтириш режалаштирилаётганини билдирди.
Корпорация матбуот котиби Набиуллоҳ Арғандиволнинг айтишича, канал қурилиши якуний босқичга яқинлашган. Айни пайтда канал бўйлаб 47 та кўприк ва сувни бошқариш иншоотлари қурилмоқда.
Шунингдек, бош сув олиш иншооти ва регулятор қурилиши давом этмоқда. Амударё суви каналга қачон чиқарилиши бўйича ҳозирча аниқ сана эълон қилинмаган.
Аввалроқ Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев канал қурилиши ва ундан сув олиш ҳажми бўйича Афғонистон томони билан музокаралар давом этаётганини билдирган эди.
Маълумотларга кўра, Қўштепа каналининг иккинчи босқичидаги ишлар 99 фоизга етгани ҳақида Афғонистоннинг Миллий тараққиёт корпорацияси ҳамда «Толибон»га алоқадор Ҳуррият радиоси хабар берган.




