Қироллик Ислом стратегик тадқиқотлар маркази (РИССЦ) 2027-йил учун дунёнинг энг нуфузли 500 нафар мусулмони рейтингини эълон қилди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 40-ўриндан жой олди. Бу Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг юқори натижа ҳисобланади.
Рейтинг муаллифлари президентнинг «Янги Ўзбекистон» ислоҳотларига, жумладан, иқтисодиёт ва валюта бозорини либераллаштириш, пахта далаларида мажбурий меҳнатдан воз кечиш ҳамда қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш борасидаги фаолиятига эътибор қаратган.
Ҳисоботда, шунингдек, Ислом меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, масжидлар, тарихий обидалар ва зиёратгоҳларни таъмирлаш, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номидаги илмий-тадқиқот марказларини ривожлантириш ҳамда Тошкентда Ислом сивилизацияси марказини барпо этиш ишлари қайд этилган.
Рейтингнинг дастлабки 50 талигида шахслар аниқ ўринлар билан кўрсатилган. Кейинги иштирокчилар эса фаолият йўналишлари бўйича тоифаларга ажратилган.
Марказий Осиёдан Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзода, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев ва хонанда Димаш Қудайберген ҳам рўйхатдан жой олган. Қирғизистон ва Туркманистон вакиллари рейтингга киритилмаган.
Рейтингда илк бор беш киши биринчи ўринни эгаллади. Бу қарор «Макка қўшма мудофаа пакти» билан боғланган. Ҳисоботда ушбу ҳужжат 2026-йил 7-августда Ар-Риёдда Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон етакчилари ўртасида имзолангани қайд этилган.
Биринчи ўрин Саудия Арабистони қироли Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауд, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, мамлакат Қуролли кучлари бош қўмондони Осим Мунир ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғанга берилган.
Рейтингнинг кучли 50 талигидан, шунингдек, Ню-Ёрк мери Зоран Мамдани, Эрон олий раҳнамоси Мужтабо Хоманаий, Сурия президенти Аҳмад аш-Шараа ва Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ҳам ўрин олган.




