2027-йил 1-январдан Россияда меҳнат мигрантлари ўз қарамоғидаги ҳар бир вояга етмаган фарзанди учун патент тўловини 50 фоизга кўпроқ тўлайди. Бу ҳақда Россия ИИВ раҳбари Владимир Колоколсев маълум қилди.
Янги тартиб алоҳида солиқ жорий этилишини эмас, балки патент учун тўланадиган қатъий белгиланган аванс тўлови оширилишини назарда тутади.
Масалан, 2026-йилда Москвада патентнинг ойлик тўлови 10 минг рублни ташкил этган. Шу ҳисобда бир нафар фарзанд учун қўшимча тўлов тахминан 5 минг рубл, икки нафар фарзанд учун эса 10 минг рубл бўлиши мумкин. 2027-йил учун аниқ суммалар ҳудудий ва дефлятор коеффициентлари тасдиқланганидан кейин маълум бўлади.
Шунингдек, патент бекор қилинган тақдирда, мигрант 15 кун ичида фарзандлари билан бирга Россияни тарк этиши шартлиги белгиланган.
Россия ҳукумати мазкур чораларни мигрантларнинг ишламайдиган оила аъзолари туфайли ижтимоий соҳага тушаётган юкламани камайтириш билан изоҳламоқда.




