Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққуловнинг Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой билан учрашуви бўлиб ўтди.
Музокараларда икки давлат ўртасидаги туризм алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш, янги туристик йўналишлар ва қўшма сайёҳлик маҳсулотларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар муштарак тарих, тил, маданият ва қадриятлар икки мамлакат халқларини бирлаштириб туришини таъкидлаб, ушбу яқинликни туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил сифатида қайд этдилар.
Шунингдек, Туркиянинг туристик ҳудудларни бошқариш, меҳмонхона хўжалиги, маданий меросни асраб-авайлаш ва гастрономия туризмини ривожлантириш борасидаги тажрибасини ўрганиш, зиёрат туризми, ислом сивилизацияси мероси ва МИЦЕ йўналишларида қўшма туристик маҳсулотлар яратиш масалаларига эътибор қаратилди. Ўзаро медиа ва блогерлар сафарларини ташкил этиш, халқаро ахборот маконида икки мамлакатнинг туристик имкониятларини кенгроқ намоён этиш ҳамда соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида 2026–2028-йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикаси ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма ҳаракатлар режаси (Жоинт Ацтион План) имзоланди. Ҳужжатда ўзаро туристик алмашинувни кенгайтириш, зиёрат туризмини ривожлантириш, қўшма сайёҳлик йўналишларини шакллантириш, халқаро тадбирларда биргаликда иштирок этиш, мутахассислар малакасини ошириш ва Ўзбекистон ҳудудларининг туристик салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган аниқ ҳамкорлик йўналишлари белгиланди.
Мазкур келишув икки мамлакат ўртасидаги туризм алоқаларини янги амалий ташаббуслар билан бойитиш, Туркиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини ошириш ва ўзаро ҳамкорликни узоқ муддатли асосда ривожлантириш учун муҳим замин яратади.




