Ўзбекистон

Самарқанд ва Бухоро ўртасида пулли автомобил йўли қурилади

Akmal Eshonxonov50 кўришлар
Самарқанд ва Бухоро ўртасида пулли автомобил йўли қурилади

Янги йўл икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини 5 соатдан 1,5 соатгача қисқартириши кутилмоқда.

Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ўртасида семент-бетон қопламали замонавий пулли автомобил йўли ҳамда тезюрар поездлар учун янги темирйўл линияси қурилади. Бу ҳақда 4-ноябр куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Бухоро вилоятида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида икки шаҳар ўртасидаги автомобил йўли орқали сафар вақти ҳозирги 5 соатдан 1,5 соатгача қисқариши кутилмоқда. Шунингдек, тезюрар поездлар ҳаракати учун алоҳида темирйўл тармоғи барпо этилиши режалаштирилган.

Бухоро вилояти транспорт инфратузилмасини яхшилаш доирасида жорий йилда А-380 автомобил йўлини реконструксия қилиш ишлари якунланади. Келаси йилдан эса М-37 автомобил йўлининг вилоят ҳудудидан ўтувчи 69 километрлик қисмини янгилаш бошланади.

Қиймати 200 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида 4,5 километрлик янги айланма йўл ҳам қурилади.

Давлат раҳбари мутасаддиларга автомобил ва темирйўл лойиҳаларининг мастер-режаларини тўлиқ якунлаш ҳамда халқаро ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш бўйича топшириқлар берди.

Маълумот учун, 2024-йил 30-августда қабул қилинган Президент қарорига мувофиқ, 2027–2030-йилларда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ўртасида пулли автомобил йўли қурилиши белгиланган. Дастлабки қиймати 1 миллиард долларга баҳоланган лойиҳа Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳудудидан ўтиши режалаштирилган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Самарқанд ва Бухоро ўртасида пулли автомобил йўли қурилади | Effect.uz