Ўзбекистон

Жиноятчилик хавфи сунъий интеллект ёрдамида баҳоланди

Akmal Eshonxonov25 кўришлар
Жиноятчилик хавфи сунъий интеллект ёрдамида баҳоланди

Президент ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг янги механизмларини жорий этиш бўйича тақдимот билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев 4-ноябр куни ҳуқуқбузарликлар профилактикасини такомиллаштиришга қаратилган тақдимот билан танишди. Унда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, криминоген вазиятни баҳолаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича янги механизмлар кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, ҳудудларда 263 мингта таниб олиш камераси, 70 мингта замонавий домофон ва 22 мингта ташвиш тугмаси ўрнатилган. Ижтимоий профилактика орқали 2,1 миллион нафар фуқаронинг муаммолари манзилли ҳал этилган. Натижада криминоген вазияти оғир бўлган 809 та маҳалланинг 701 таси ушбу тоифадан чиқарилган.

Тақдимотда 2014-йилда қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш таклифлари муҳокама қилинди. Янги қонун ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин чора кўришдан кўра, хавф-хатарларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган проактив профилактика моделини жорий этишни назарда тутади.

Шунингдек, профилактика билан шуғулланувчи давлат идоралари ваколатларини аниқ белгилаш, уларнинг ҳамкорлигини кучайтириш ва профилактика субектлари доирасини яна 7 тага кенгайтириш таклиф этилди.

Қонун лойиҳасида кибержиноятчилик, наркотик моддалар билан боғлиқ жиноятлар, уюшган жиноятчилик, яширин иқтисодиёт ва коррупсияга қарши профилактик чораларни кучайтириш, жиноятдан жабрланганлар ва гувоҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмлари ҳам назарда тутилмоқда.

Криминоген вазиятни баҳолашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш, давлат идоралари ахборот ресурсларини бирлаштирувчи ягона платформа яратиш ва жиноятчилик хавфларини прогнозлаш режалаштирилмоқда. Шунингдек, аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва яширин жиноятчилик кўрсаткичларини ҳисобга оладиган «криминоген барқарорлик индекси»ни жорий этиш таклиф қилинди.

Президент ҳуқуқбузарликлар профилактикаси барча масъул идоралар, маҳалла ва жамоатчиликнинг ҳамжиҳатликдаги фаолиятига асосланиши лозимлигини таъкидлади.

Тақдимот якунида мутасаддиларга қонун лойиҳасини такомиллаштириш ва профилактика механизмларини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди. Криминоген вазиятни баҳолашнинг янги моделини жорий этишни назарда тутувчи фармон имзоланди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Жиноятчилик хавфи сунъий интеллект ёрдамида баҳоланди | Effect.uz