Ўзбекистонда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни баҳолаш ва қоплаш тартиби белгиланди. Ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига 500 БҲМгача, жароҳат олганларга эса тан жароҳати оғирлигига қараб 100–200 БҲМгача бир марталик моддий ёрдам тўланади.
Ҳукуматнинг 2026-йил 3-ноябрдаги 606-сон қарори билан тегишли низом тасдиқланди.
Низом транспорт авариялари ва ҳалокатлари, кимёвий хавфли ҳамда ёнғин-портлаш хавфи мавжуд обектлардаги фавқулодда вазиятлар, энергетика ва коммунал тизимлардаги авариялар, шунингдек, бино конструксияларининг тўсатдан бузилиши каби ҳолатларни қамраб олади.
Жабрланганлар фавқулодда вазият содир бўлган кундан бошлаб 30 кун ичида белгиланган шаклдаги аризани тўлдириб, тегишли комиссияга тақдим этиши лозим.
Суд томонидан айбдорлар аниқлангунига қадар етказилган зарар туман ёки шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади. Айбдор юридик шахслар ёки мансабдор шахслар зарарни белгиланган муддатда тўлиқ қоплай олмаган ҳолларда ҳам тўлов ушбу жамғарма орқали амалга оширилади.
Бир марталик моддий ёрдам комиссия далолатномаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг қарорлари асосида тўланади.
Моддий ёрдам миқдорлари қуйидагича белгиланган:
Ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига — 500 БҲМгача. Маблағ турмуш ўртоғи, фарзандлари, ота-оналари ва қарамоғидаги шахслар ўртасида тенг тақсимланади.
Оғир тан жароҳати олганларга — 200 БҲМгача.
Ўртача оғирликдаги тан жароҳати олганларга — 150 БҲМгача.
Енгил тан жароҳати олганларга — 100 БҲМгача.
Моддий ёрдам айбдор деб топилган юридик шахслар ёки уларнинг мансабдор шахслари ҳисобидан тўланиши назарда тутилган.
Мақолани қисқа хабарга айлантирингАриза бериш тартибини аниқроқ ёзинг




