Тадбиркор ва блогер, “Санжик” номи билан танилган Санжар Каримовга оид жиноят ишининг апелляция инстансиясидаги якуний суд мажлисида кутилмаган янги далиллар тақдим этилди. Ҳимоя томони маълумотларига кўра, мазкур ишга Санжар Каримовдан бошқа яна бир Санжар исмли шахс алоқадор бўлиши мумкинлиги юзасидан ҳолатлар аниқланган.
Бу ҳақда ЭФФЕCТ.УЗга Санжар Каримовнинг адвокати Ойбек Ашуров маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Санжар Каримов жорий йил май ойида Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди ҳукми билан Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми, 168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда 273-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Мазкур ҳукм устидан берилган апелляция шикояти асосида 29-июн куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ишни апелляция тартибида кўриш бошланди. Каримовни ушбу жараёнда 10 нафар адвокат ҳимоя қилмоқда.
Суд мажлиси раислик қилувчи судя Абдуллажон Муҳиддинов, маърузачи судя Умидбек Мусаев ҳамда судлов ҳайъати аъзоси Анвар Дусмуродов таркибида ўтмоқда.

Сўнгги суд мажлисида Санжар Каримовга якуний нутқ сўзлаш учун имконият берилди. У ҳаётида илк бор судланаётганини, одамларга ёрдам бераман деб айбдорга айланиб қолганини айтди.
Каримов, шунингдек, ҳеч кимни алдамаганини, аксинча, ўзи алданганини таъкидлади. У гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланмаганини, тадбиркорлик фаолиятидан оладиган қонуний даромади етарли эканини билдирди.
Агар суд жараёнида келтирилган далиллар инобатга олинмаса, ҳеч бўлмаганда тайинланган жазони уй қамоғига алмаштиришни сўради.
Бироқ ҳукм эълон қилиниши кутилаётган пайтда ҳимоя томони судлов ҳайъатига АҚШдан келтирилган янги далилларни тақдим этди.

Адвокатларнинг билдиришича, мазкур далиллар ишнинг айрим ҳолатларига янгича баҳо бериш заруратини юзага келтирган. Хусусан, ҳимоя томони Санжар Каримовдан бошқа яна бир Санжар исмли шахснинг мазкур жиноят ишига алоқадорлиги юзасидан далиллар борлигини маълум қилган.
Шунингдек, адвокатнинг қўшимча қилишича, Шаҳло Алимбоева ва Феруза Раҳматуллаеванинг Санжар Каримовга нисбатан берган айбловлари асоссиз ёки уюштирилган бўлиб чиқиши эҳтимоли ҳам ўртага ташланган.
Ҳимоя томони тақдим этган ҳужжатлар ЭФФЕCТ.УЗга ҳам маълум қилинди. Бироқ суд сири билан боғлиқ ҳолатлар сабаб таҳририят ушбу далилларни ҳозирча ошкор этмасликка қарор қилди.

Натижада судя Абдуллажон Муҳиддинов раислигидаги судлов ҳайъати янги ҳолатлар ва тақдим этилган далилларни инобатга олиб, суд терговини қайта тиклашга қарор қилди.
Шу сабабли Санжар Каримовнинг оқланиши ёки аввалги ҳукм ўзгаришсиз қолдирилиши кутилган якуний мажлисда ҳукм эълон қилинмади. Суд муҳокамаси номаълум муддатга қолдирилди.
“Реал Санжик” иши бўйича суд жараёнларини батафсил ЭФФЕCТ.УЗъда кузатиб боринг.




