Олтинсойда ЙПХ инспекторининг қонуний «тўхта» ишорасига бўйсунмаган ҳайдовчи қочишга урингани ва ортидан кузатув бошлангани айтилмоқда. Оқибатда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, бир киши жароҳатланган.
ИИБ ЖХХ ЙҲХБ маълумотига кўра, воқеа 2026-йил 18-октябр куни соат 08:20 атрофида туманнинг «Янги қурилиш» маҳалласида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган шахс бошқарувидаги «Каптива» автомашинаси ЙПХ инспекторининг қонуний «тўхта» ишорасига бўйсунмай, ҳаракатини давом эттирган.
Инспектор хизматдаги «Ласетти» автомашинасида уни ортидан кузатган. Шу вақтда «Каптива» ҳайдовчиси асосий йўлда ҳаракатланаётган «Ласетти»нинг йўлига чиқиб кетиши натижасида тўқнашув содир бўлган.
Ҳодиса оқибатида «Ласетти» ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, туман тиббиёт бирлашмасига етказилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Олтинсой тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ЙПХ инспекторига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.




