Навоий вилояти Кармана туманидаги «Айрончи» маҳалласи аҳолиси инфратузилма лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан масъул ташкилотларга мурожаат қилди.
Аҳоли мурожаатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 18-сентябрдаги ПҚ-5246-сон қарори асосида, Ислом тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳаси доирасидаги ишларга эътибор қаратиш сўралган.
Мурожаатдаги асосий масалалардан бири — йўлларни асфалтлаштириш. Лойиҳа доирасида умумий узунлиги қарийб 15 километр бўлган йўлларни асфалтлаштириш режалаштирилган. Тайёргарлик ишлари 2026-йил апрел ойида, асфалт ётқизиш ишлари эса 5-сентябрда бошланган.
Аҳоли маълумотига кўра, ҳозирга қадар тахминан 3,7 километр йўлда ишлар бажарилган. Шу билан бирга, қурилиш ишлари мунтазам олиб борилмаётгани, ишчилар бир кун ишлаб, кейин 5–7 кун танаффус қилаётгани айтилган.
Мурожаатда маҳаллада сув таъминоти ва 0,4 кВ электр таъминоти бўйича ҳам лойиҳада назарда тутилган ишлар қай даражада бажарилгани, уларнинг лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлиги ва масъул ташкилотлар мажбуриятларининг ижросини ўрганиш сўралган.
Аҳоли, шунингдек, ажратилган маблағлар аҳоли манфаатларига хизмат қилиши, ишлар белгиланган муддатларда ва сифатли бажарилиши ҳамда мурожаатларга аниқ ва мазмунли жавоб берилишини сўраган.
Айни пайтда ЭФФЕЦТ.УЗ мухбири Муҳаммадали Қазоқов вазиятни Кармана туманида жойига чиққан ҳолда ўрганмоқда. Мурожаатда кўтарилган масалалар, амалга оширилаётган ишлар ва масъул ташкилотларнинг муносабати бўйича батафсил материал тақдим этилади.




