Жамият

ИМАН атрофидаги $20 млн: компания нима деяпти?

Akmal Eshonxonov41 кўришлар
ИМАН атрофидаги $20 млн: компания нима деяпти?

Сўнгги кунларда ИМАН Ҳолдинг фаолияти билан боғлиқ молиявий масалалар, хусусан, $20 млн миқдорида зарар етказилгани ҳақидаги даъволар жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Энди компания ушбу эътирозларга расмий баёнот орқали жавоб бериб, келтирилган суммаларни «реал зарар ёки камомад» сифатида баҳолаш нотўғри эканини билдирмоқда.

Компания маълум қилишича, 2026-йил июл ойида унинг ташаббуси билан маслаҳат компанияси вакиллари иштирокида навбатдаги аудит ўтказилган. Аудит натижасида айрим камчиликлар аниқланган ва уларни бартараф этиш мақсадида Тафтиш комиссияси тузилган.

ИМАН Ҳолдингнинг ўзи ҳам аудитда кўрсатилган айрим амалиётлар тўғри бўлмаганини тан олмоқда. Компания позициясига кўра, бу қарорлар ўша вақтда амалда бўлган оферта асосида қабул қилинган, уларнинг айримлари шариат нуқтаи назаридан мақбул эмаслиги эса аудитдан кейин аниқланган.

$20 млн қаердан пайдо бўлди?

«ИФЦБ» МЧЖ томонидан эълон қилинган материалларда ИМАН фаолияти билан боғлиқ бир нечта молиявий кўрсаткичлар келтирилган.

Жумладан, БНПЛ портфелидаги муаммоли қарзлар — $9,5 млн, бошқарув компаниясининг фонд олдидаги қарзи — $2,97 млн, шунингдек, савдода назарда тутилган 140 млрд сўмлик келгуси даромадлар ҳақида гап борган.

ИМАН Ҳолдинг эса ушбу суммаларни бир жойга жамлаб, «$20 млн реал зарар етказилган» деган хулоса чиқаришга қўшилмайди.

Компанияга кўра, бу рақамларнинг бир қисми НПЛ, яъни муаммоли қарзлар, бир қисми фонд билан бошқарув компанияси ўртасидаги қарз муносабатлари, яна бир қисми эса келгусида олиниши кутилаётган даромадларга тааллуқли.

НПЛ бўйича рақамлар қандай?

«ИФЦБ» эътирозида 2026-йил 31-май ҳолатига БНПЛ портфелида $9,5 млн миқдорида қайтмайдиган муаммоли қарзлар борлиги қайд этилган.

ИМАН эса бу ерда муддати ўтган қарзлар ва НПЛ кўрсаткичларини фарқлаш зарурлигини таъкидламоқда.

Компания маълумотига кўра, 2026-йил 31-май ҳолатига НПЛ 58,79 млрд сўм бўлган. Бу 618,41 млрд сўмлик портфелнинг 9,5 фоизига тенг.

1-октябр ҳолатига эса компания НПЛ миқдори 71,65 млрд сўм, портфел ҳажми эса 1 105,78 млрд сўм бўлганини, натижада НПЛ улуши 6,5 фоизга тушганини билдирган.

Шу билан бирга, рискларни қоплаш учун 31,91 млрд сўмлик ЭЦЛ захираси шакллантирилгани айтилмоқда.

$2,97 млнлик қарз ҳам тан олинган

Аудитда кўтарилган яна бир масала — бошқарув компаниясининг фонд олдидаги $2,97 млн миқдоридаги фоизсиз қарзи.

«ИФЦБ» бу маблағ фонд маблағлари ҳисобидан бошқарув компаниясининг операцион харажатларини молиялаштириш учун ишлатилганини танқид қилган.

ИМАН эса мазкур амалиёт ўша даврда амалда бўлган оммавий оферта асосида қабул қилинган бизнес қарори бўлганини билдирмоқда. Компания баёнотида ушбу амалиёт шариат нуқтаи назаридан тўғри эмаслиги аудит натижасида аниқлангани ва июл ойида тўхтатилгани қайд этилган.

Компаниянинг билдиришича, мавжуд қарз ноябр ойидан бошлаб олти ой ичида фондга тўлиқ қайтарилади.

Раҳбар билан боғлиқ автомобиллар масаласи

Эътирозлар орасида компания асосчиси Рустам Раҳматов билан боғлиқ икки автомобил операцияси ҳам бор.

Биринчи ҳолатда гап Мерцедес-Бенз С500 ҳақида кетмоқда. «ИФЦБ» мазкур автомобил учун фонд маблағларидан $128 минг ўтказилганини ва маблағ компания ходимига алоқадор бўлган «ФОУНДЕРС ТРУСТ 1» МЧЖ ҳисоб рақамига тушганини билдирган.

ИМАН эса бу операцияни ўша вақтда амалда бўлган оферта асосида амалга оширилган, деб тушунтирган. Бироқ маслаҳат кенгаши вакиллари бундай тузилма тўғри эмаслигини билдиргач, битим қайта кўриб чиқилган.

Компания маълумотига кўра, автомобил 2026-йил 12-августда сотилган, харид маблағи ҳамда фойдаланилган давр учун ижара тўловлари фондга тўлиқ қайтарилган.

Компания шу билан бирга, бошқарув компанияси ходимларига имтиёзли молиялаштириш имконини берган тегишли оферта банди ҳам олиб ташланганини айтмоқда.

БЙД Чампион бўйича қарз ҳам тўланган

Яна бир ҳолат БЙД Чампион автомобилига тааллуқли.

Тафттиш комиссияси ҳужжатида Рустам Раҳматов 2023-йил 1-декабрда автомобилни 36 ойлик муддатли тўлов асосида харид қилгани, кейинчалик тўловлар тўхтаб қолгани қайд этилган.

Комиссия маълумотига кўра, текширув вақтида муддати ўтган қарз 306,5 млн сўм, шартнома муддати тугагунига қадар умумий қарздорлик эса 366,94 млн сўмни ташкил этган.

ИМАН Ҳолдинг эса аудитдан кейин ушбу сумма тўлиқ қопланганини маълум қилди.

Компания тақдим этган ҳужжатга кўра, 2026-йил 31-июл куни 366,94 млн сўм тўғридан-тўғри «КТ ИМАН Ҳалал Инвестменц» ҳисоб рақамига ўтказилган ва шартнома ёпилган.

Даромадлар ҳали олинмасдан тан олинганми?

Эътирозларнинг яна бир қисми — компанияда даромадларни тан олиш ва инвесторларга дивиденд ҳисоблаш амалиёти билан боғлиқ.

«ИФЦБ» томонидан БНПЛ битимлари бўйича ҳали амалда олинмаган маблағлар ҳисобидан даромад тан олингани ва дивидендлар ҳисоблангани танқид қилинган.

ИМАН эса июл ойидан бошлаб ИФРС — халқаро молиявий ҳисобот стандартларига ўтилганини маълум қилган.

Компания келтирган рақамларга кўра, шу кунга қадар 285 952 та шартнома имзоланган бўлиб, уларнинг 195 061 таси фаол.

Насаия савдо портфели 1,105 трлн сўм, инвесторлар портфели эса 965,02 млрд сўм экани билдирилган. Компания ушбу икки кўрсаткич ўртасидаги 140,75 млрд сўмлик фарқни келгусида олиниши кутилаётган даромад сифатида изоҳламоқда.

ИРР захирасидаги хато ҳам тан олинди

Компания баёнотида яна бир муҳим ҳолат очиқ тан олинган.

2026-йил май ва июн ойларида ИРР захирасига ажратмалар шартномада белгиланган 5 фоизлик чегарадан юқори бўлган. «ИФЦБ» маълумотида май ойида тахминан 23 фоиз, июн ойида эса 50 фоизга яқин даромад захирага йўналтирилгани айтилган.

ИМАН бу ҳолатни ходим томонидан йўл қўйилган хато сифатида баҳолаган. Компанияга кўра, ушбу ходим билан август ойи бошида меҳнат муносабатлари тугатилган.

Июл ойидан бошлаб ИРР захирасига ажратмалар яна 5 фоизлик шартнома чегарасига қайтарилган.

Харажатлар масаласида ҳам ўзгаришлар бор

Аудитда фонд маблағларидан бошқарув харажатлари учун фойдаланилгани ҳам танқид қилинган.

ИМАНнинг тушунтиришича, аввал айрим сотув, маркетинг, ИТ, скоринг ва бошқа харажатларни фонд билан боғлиқ харажатлар сифатида таснифлаш амалиёти мавжуд бўлган.

Аудитдан кейин эса харажатларни фонднинг бевосита харажатлари ва бошқарув компаниясининг харажатларига аниқ ажратиш бўйича иш бошланган.

Компания ушбу жараённи уч ой ичида тўғрилашни режалаштирган.

Энди нима бўлади?

ИМАН Ҳолдинг баёнотида келгусидаги бир қатор чоралар ҳам эълон қилинган.

Компания:

— бошқарувни тажрибали мутахассисларга топшириш;

— уч нафар олимдан иборат Шариат кенгаши тузиш;

— ташқи шариат аудитини ўтказиш;

— мустақил молиявий аудиторларни жалб қилиш;

— аудит якунида натижаларни тўлиқ эълон қилиш;

— холдингдаги аксиядорлар ва САФЕ шартномалари асосида кирган инвесторлар таркибини тўлиқ рўйхатдан ўтказишни режалаштирмоқда.

Компания, шунингдек, бошқарув компаниясига фонд маблағларидан қарз бериш ва айрим бошқарув харажатларини фонд ҳисобидан қоплаш амалиёти тўхтатилганини билдирган.

Хулоса

Июл ойида аниқланган масалалар бўйича бугунги ҳолат:

  • Июл ойида молия ва бухгалтерия халқаро стандартларига ўтказилди ва 140 млрд сўм миқдорида келажакда келиши кутилаётган фойда аниқланган.

  • Октябр ойида 3%лик компаниялар орасидаги транзакциялар Ҳолдинг аксиялари орқали кафолатланди.

  • Июл-август ойлари давомида автомобиллар билан боғлиқ 2та ижара шартномаси Ислом молияси нуқтаи назаридан бизнес эгаси учун мумкин эмас деган шаръий хулоса асосида тўлиқ ёпилган ва маблағлар ижара тўловлари билан бирга фондга қайтарилган.

  • Июл ойида бошқарув компаниясига фонд маблағларидан қарз бериш ва бошқарув харажатларини фонд ҳисобидан қоплаш амалиёти тўхтатилди.

  • Июл ойида ИРР-захирасига ажратмалар шартнома доирасига қайтарилди.

Кейинги қадамлар:

  • Рустам Раҳматов бошқарувни тажрибали мутахассисларга топширилишини эълон қилади ва Кузатув кенгаши аъзоси сифатида фаолиятини давом эттиради. Кузатув кенгаши раиси ва аъзолари яқин кунларда эълон қилинади.

  • Компания 3та олимдан иборат Шаръий кенгаш тузиш ҳақида қарор қабул қилди. Ундан ташқари Усманиъс халқаро аудиторлик компанияси билан шартнома имзолади ва ташқи шаръий аудит қилишни бошлади. Шунингдек халқаро мустақил молиявий аудиторларни ҳам жалб қилиш устида иш бошланган. Аудит якунлангандан кейин натижалар тўлиқ эълон қилинади.

  • Ҳолдингдаги аксиядорлар ва САФЕ шартномалари асосида кирган инвесторлар таркиби тўлиқ рўйхатдан ўтказилиши бўйича қарор қабул қилинди ва 1 ой ичида амалга оширилади.

Материалда келтирилган эътирозлар «ИФЦБ» МЧЖ томонидан эълон қилинган ҳужжатларга, жавоблар эса ИМАН Ҳолдингнинг расмий баёнотига асосланган. Якуний ҳуқуқий ва молиявий баҳо ваколатли аудит ёки тегишли органлар хулосасига боғлиқ.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

ИМАН атрофидаги $20 млн: компания нима деяпти? | Effect.uz