Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги бир обект бўйича Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги судга мурожаат қилди. Вазирлик мазкур қурилмани ўзбошимчалик билан барпо этилган деб ҳисоблаб, уни мажбурий тартибда бузишни сўраган.
2026-йил 12-октябрда Шайхонтоҳур туманлараро фуқаролик ишлари бўйича судига киритилган даъво аризасида жавобгар сифатида Умиджон Раҳимов кўрсатилган. Гап Олмазор тумани, Гулзор МФЙ, Чуқурсой кўчаси, Гулзор тор кўчаси, 3-уйдаги обект ҳақида кетмоқда.
Ҳужжатда келтирилишича, текширув давомида қурилиш ишлари лойиҳа-смета ҳужжатларини келишмасдан амалга оширилгани аниқланган. Шу муносабат билан 2026-йил 8-сентябрда обектни 15 кун муддатда ихтиёрий равишда бузиш ҳақида 1-09-01-сонли кўрсатма берилган.

Бироқ 12-октябрда тузилган ўрганиш далолатномасида кўрсатмада белгиланган талаб бажарилмагани қайд этилган.
Вазирлик даъво аризасида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига таянган. Унда тегишли рухсатномаларсиз ёки қурилиш нормалари ва қоидаларини жиддий бузган ҳолда барпо этилган иморат ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланиши, бундай обект суд қарори билан бузилиши мумкинлиги белгилангани келтирилган.

Ҳужжатда, шунингдек, мажбурий бузиш ишлари давлат ижрочиси томонидан ички ишлар органлари ходимлари кўмагида амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги суддан ушбу обектни мажбурий тартибда бузиш ҳақида қарор қабул қилишни сўраган. Шу билан бирга, жавобгар судга келмаган тақдирда ишни сиртдан кўриб чиқишни ҳам сўраган.
Ҳужжатга кўрсатма хати, унинг бажарилмаганини тасдиқловчи далолатнома, маъмурий жазо ҳақидаги қарорлар ва обект фотосурати каби материаллар илова қилинган.




