Қарийб 1,4 млрд сўм. Аниқ ҳисоб-китоблар йўқлиги ҳақидаги Олий суд хулосаси. Бекор қилинган суд қарорлари. Ва шундан кейин ҳам давом этаётган суд жараёни. Адвокат Шавкат Мавлонов эса бу ҳолат юзасидан Судялар олий кенгаши ва Малака ҳайъатига жавоб талаб қилмоқда.
Гап тадбиркорлар ўртасидаги иқтисодий низо ҳақида кетмоқда. Иш Кармана туманлараро судидан бошланиб, апелляция, кассация ва тафтиш босқичларигача борган.
Мурожаатда келтирилишича, қуйи судларда даъвогар фойдасига қарийб 1,4 млрд сўм ундириш ҳақида қарор қабул қилинган. Бироқ кейинчалик Олий суд тафтиш тартибида ишни кўриб, қуйи инстансиялар қарорларини бекор қилган ва ишни қайта кўриб чиқиш учун апелляция судига юборган.
Адвокат Шавкат Мавлонов эса мазкур ишда судялар томонидан йўл қўйилган деб ҳисоблаётган камчиликлар юзасидан кескин саволларни ўртага қўймоқда.
Олий суд қандай камчиликларни қайд этган?
Ишдаги энг муҳим жиҳатлардан бири — Олий суд тафтиш инстансиясининг хулосалари. Ҳужжатда биринчи инстансия суди даъвонинг предмети ва асосларидан четга чиққани, даъвони асосий қарз ва техника бекор туриши учун тўловларга ажратгани қайд этилган.

Шунингдек, апелляция ва тафтиш инстансиялари биринчи инстансиядаги ушбу процессуал бузилишларга тегишли баҳо бермагани кўрсатилган. Энг муҳими, ундирилган сумма бўйича ҳисоб-китоблар суд қарорларида акс этмаган.
Олий суд, шунингдек, иш бўйича қанча техника амалда ишлагани, қанчаси бекор тургани ва бу ҳолатлар ундирилаётган маблағга қандай таъсир қилганини тўлиқ аниқлаш зарурлигини қайд этган. Шунга қарамай, 1,4 млрд сўмга яқин сумма ундирилган.
Адвокатнинг саволи эса жуда аниқ:
«1 миллиард 400 миллион сўм пулни асоссиз равишда бир тадбиркордан олиб, иккинчисига ундириб беряпти. Иккита тадбиркорнинг нима фарқи бор? Асос йўқми — ундирмаслик керак, рад қилиш керак-ку. Нима учун ундириб бериш керак?»
Бу — адвокат Шавкат Мавлоновнинг иш бўйича позицияси.
«Манфаатдорлик бор ёки босим бор»
Мавлоновнинг фикрича, судялар томонидан йўл қўйилган процессуал хатолар тасодифий ҳолат эмас, балки улар юзасидан хизмат текшируви ўтказилмагани янги муаммоларга олиб келган.
У бу ҳолатни қуйидагича баҳолайди:
«Бунинг иккинчи варианти — ё манфаатдорлик бор, ё босим бор. Бошқа вариант йўқ бунга».
Адвокатнинг айтишича, Олий суд қарорларида қуйи судларда процессуал бузилишлар аниқлангани кўрсатилган бўлса-да, бу ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилмаган.
Унинг фикрича, айнан шунинг оқибатида иш яна бир неча бор судларда кўрилган.
«Бу жиноят-ку!»
Иш кейинчалик яна Навоий вилояти судига юборилган.
Адвокатнинг таъкидлашича, агар биринчи инстансия қарори бекор қилинса, аввал ундирилган қарийб 1,4 млрд сўм маблағ жавобгарга қайтарилиши керак.
Унинг айтишича, апелляция босқичида иш тўрт марта кўрилган ва якунда шикоят кўрмасдан қолдирилган. Шу билан бирга, яна 52 млн сўм давлат божи масаласи юзага келган.
Мавлонов бу вазиятга жуда кескин баҳо берган:
«Бу жиноят-ку! Бу жиноят давом этиб келяпти».
Адвокатнинг таъкидлашича, бу ерда оддий процессуал хато эмас, балки тадбиркорнинг молиявий манфаатларига жиддий таъсир қилувчи ҳолат ҳақида гап кетмоқда.
272-моддада нима дейилган?
Апелляция шикоятини кўрмасдан қолдиришга Иқтисодий процессуал кодексининг 272-моддаси асос қилиб кўрсатилган.
Мурожаатдаги асосий эътироз шундан иборатки, шикоят гўёки жавобгар раҳбари томонидан имзоланмаган, деган важ келтирилган.
Адвокат эса буни рад этмоқда. Унинг айтишича, корхона раҳбари 2023-йил май ойидан бери суд мажлисларида шахсан иштирок этиб келган.
«Қанақасига жавобгар раҳбари томонидан имзоланмаган бўлади? Унинг имзосини солиштирдик — жавобгар раҳбари айнан ҳар бир суд мажлисида ўзи шахсан иштирок этиб келяпти».
Мавлоновнинг фикрича, агар имзо бўйича шубҳа туғилган бўлса, бу ҳолатга аниқлик киритиш имкони бор эди.
У Иқтисодий процессуал кодексида апелляция шикоятини кўрмасдан қолдириш учун белгиланган асослар чекланганини таъкидлайди.
Адвокат, шунингдек, Олий суд Пленумининг 10-сонли қарори 14-бандига ишора қилиб, имзо қўйган шахснинг ваколатига шубҳа туғилганда, аввало тегишли далилларни тақдим этиш таклиф қилиниши кераклигини айтмоқда.
«Нега яна 52 млн сўм давлат божи?»
Мавлоновнинг фикрича, ишни имзо масаласи билан кўрмасдан қолдириш натижасида тадбиркор яна қўшимча харажатларга дуч келмоқда.
«Сабаб оддий — қайтариб, яна 52 миллион сўм давлат божи ундиришмоқчи».
Адвокатнинг таъкидлашича, агар апелляция инстансияси ишни мазмунан кўриб чиқса, даъвогар томонидан аввалги судлардан кейин янги далиллар келтирилмаган.
Унинг фикрича, биринчи инстансиядаёқ асоссиз деб топилиши лозим бўлган талаблар Олий суд тафтиш босқичида ҳам етарлича асосланмагани кўрсатилган.
«Малака ҳайъати бизга нисбатан ишламаяпти»
Адвокатнинг мурожаатидаги яна бир асосий талаб — судяларнинг ҳаракатларига Малака ҳайъати томонидан ҳуқуқий баҳо берилиши.
Мавлонов:
«Малака ҳайъати бизга нисбатан ишламаяпти».
Шу билан бирга, у барча судяларни бирдек танқид қилмаслигини алоҳида таъкидлайди:
«Мен барча судяларни ёмонламоқчи эмасман, жуда яхши судяларимиз жуда кўп. Лекин уларнинг ичида шундай судялар ҳам бўлиб туради».
Адвокатнинг фикрича, Малака ҳайъатининг вазифаси судяларни жазолашдан кўра, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий ва касбий баҳо беришдан иборат.
«Биз фақат қонун тарафимиз»
Мурожаат муаллифи ўз талабининг мақсади кимнидир жазолатиш эмаслигини таъкидлайди.
«Мурожаатимиздан мақсад кимнидир жазолаш эмас. Мақсадимиз — судлар одил бўлсин, судлар қонунга асосланган ҳолда иш кўрсин. Биз даъвогарни ҳам, жавобгарни ҳам тарафини олмаймиз, фақат қонун тарафимиз».
Адвокатнинг фикрича, суддаги ҳар бир процессуал ҳаракат қонун билан асосланиши ва тарафларга тушунарли бўлиши керак.
Энг кескин баҳо
Мавлоновнинг мурожаатида судяларнинг ҳаракатларига нисбатан янада кескин баҳо ҳам берилган.
У 2020-йилдаги Пленум қарорлари, Олий суд тафтиш босқичидаги хулосалар ва Иқтисодий процессуал кодекси талабларини бир-бирига солиштириб, ишдаги ҳолатлар юзасидан жиддий текширув ўтказиш зарурлигини айтмоқда.

У ҳатто судялар ҳаракатини жиноий гуруҳлар фаолиятига қиёслаган:
«90-йилларда шундай жиноий гуруҳлар пайдо бўлганди — бировнинг ҳақини олиб берадиган. ... Булар эса қарз тасдиқланмаса ҳам ундириб беряпти. Ўша гуруҳлардан нима фарқи бор?»
Бу баҳо — адвокат Шавкат Мавлоновнинг шахсий позицияси. Унинг судяларга нисбатан коррупсия, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа оғир даъволари эса тегишли ваколатли органлар томонидан алоҳида текширилиши ва ҳуқуқий баҳоланиши лозим.
Мавлоновнинг ўзи эса бу фикрларини Олий суднинг иш бўйича чиқарган қарорлари билан асослашга уринмоқда.
«Очиқ-ойдин тадбиркорни талон-торож қилиш эмасми?»
Адвокатнинг сўнгги саволи эса масаланинг моҳиятини янада кескин қўяди:
«Қаранг, бу очиқ-ойдин тадбиркорни талон-торож қилиш эмасми?»
Унинг фикрича, агар суд ҳужжатларида ҳисоб-китоблар мавжуд бўлмаса, техника сони ва тоннажи аниқланмаган бўлса, бундай ҳолатда 1,4 млрд сўмлик маблағни ундиришнинг ҳуқуқий асоси яна бир бор жиддий текширилиши керак.

Олий суд тафтиш босқичида қуйи суд қарорларини бекор қилгани эса ишдаги мазкур масалаларга жиддий эътибор қаратилганини кўрсатади.
Энди асосий саволлар очиқ қолмоқда:
Нега Олий суд қайд этган процессуал бузилишлар бўйича хизмат текшируви ўтказилмаган?
1,4 млрд сўмлик маблағ айнан қандай ҳисоб-китоб асосида ундирилган?
Апелляция шикоятини имзо масаласи билан кўрмасдан қолдиришга 272-модда ҳақиқатан асос бўлганми?
Ва энг муҳими — мазкур ҳолатлар юзасидан Судялар олий кенгаши ҳамда Малака ҳайъати қандай ҳуқуқий баҳо беради?
Эффецт.уз мазкур иш бўйича суд ҳужжатлари ва ваколатли органлар позициясини ўрганишда давом этади.



