2026–2027-йиллар куз-қиш мавсумида Ўзбекистонда табиий газ тақсимотида аҳоли хонадонлари, мактаблар, боғчалар ва шифохоналар биринчи навбатда таъминланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, 2026-йил 1-октябрдан 2027-йил 31-мартгача газ таъминотида ушбу истеъмолчилар устувор ҳисобланади. Ҳаво ҳарорати кескин пасайганда бошқа тоифадаги истеъмолчиларга вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин.
Энергетика вазирлиги масъул ташкилотлар билан биргаликда газ захиралари ва об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, кунлик ҳамда ўн кунлик етказиб бериш жадвалларини ишлаб чиқади.
Магистрал қувурларда босим пасайиши ёки газ ресурслари ҳажмида ўзгаришлар кузатилса, тақсимот қайта кўриб чиқилади. Бунда аҳоли ва ижтимоий соҳа обектларини газ билан таъминлаш устуворлиги сақланади.




