«Айритом» чегара божхона постида Афғонистон фуқароси бошқарувидаги «Тоёта» автомашинаси текширилганда, двигател поршенлари учун мўлжалланган эҳтиёт қисмлар ичига яширилган қарийб 400 грамм «опий» топилди.
Давлат хавфсизлик хизмати, божхона ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давом эттирилиб, фуқаронинг Термиз шаҳрида вақтинча яшаб турган хонадони ҳам текширилди. У ердан яна 848 грамм «опий» ва 551 грамм «героин» аниқланди.
Кейинги тезкор тадбирларда гиёҳвандлик моддаларини қабул қилиб олиши керак бўлган, Денов туманида яшовчи 1993-йилда туғилган шахс Шўрчи туманида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 28-моддаси орқали 246-моддаси 2-қисми ҳамда 273-моддаси 6-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Гиёҳвандлик воситалари тарқатилишига оид шубҳали ҳолатлар ҳақида ДХХнинг 1520 қисқа рақамига хабар бериш сўралди. Хабар берувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.




