«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида ишлаб чиқариш жараёнлари, қиш мавсумига тайёргарлик ҳамда 2027-йил режаларини муҳокама қилмоқда.

Йиғилишда қиш мавсумида истеъмолчиларни табиий газ билан барқарор таъминлаш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва газ қазиб чиқариш ҳажмини бир маромда сақлаш масалаларига эътибор қаратилган.

Компания раҳбарияти газга талаб ортиб бораётган шароитда ҳар бир қудуқ имкониятидан самарали фойдаланиш, геологик-техник тадбирларни сифатли бажариш ва ишлаб чиқаришдаги эҳтимолий узилишларнинг олдини олиш зарурлигини таъкидлаган.

Йил охирига қадар қудуқлар самарадорлигини ошириш, геологик-техник тадбирларни жадаллаштириш ва газ қазиб чиқариш барқарорлигини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланган.

Қиш мавсумига тайёргарлик доирасида ишлаб чиқариш обектларидаги буғ ва сув иситиш қозонларини таъмирлаш, электр таъминоти ишончлилигини ошириш ҳамда мавжуд ускуналарнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш бўйича топшириқлар берилган.

Шунингдек, ишчилар шаҳарчасидаги шароитларни яхшилаш, ўрганишларда аниқланган камчиликларни тезкор бартараф этиш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва қурилиш обектлари билан боғлиқ ишларни белгиланган тартибда ташкил этиш вазифалари қўйилган.

Йиғилишда 2027-йил учун ишлаб чиқариш дастури, газ қазиб чиқариш прогнозлари, геологик-техник тадбирлар режаси, харидлар дастури ҳамда зарур моддий-техника ресурслари захирасини шакллантириш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, маҳсулот таннархини пасайтириш, ишлаб чиқариш харажатларини мақбуллаштириш ва раҳбар ҳамда ходимлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш кўрсаткичларини аниқ белгилашга урғу берилган.

Абдуғани Сангинов барча вазифаларни қоғозда эмас, амалда бажариш, ҳар бир топшириқ ижроси ва натижаси учун масъулиятни ошириш зарурлигини таъкидлаган.




