Иқтисодиёт

Ўзбекнефтегаз АҚШ компанияси билан АЁҚШлар қуриш лойиҳаси бўйича ҳали якуний қарор қабул қилмади

Akmal Eshonxonov13 кўришлар
Ўзбекнефтегаз АҚШ компанияси билан АЁҚШлар қуриш лойиҳаси бўйича ҳали якуний қарор қабул қилмади

Ўтган йили «Ўзбекнефтегаз» АҚШнинг газ компанияси билан Ўзбекистон бўйлаб қарийб 100 миллион долларлик ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини ташкил этиш бўйича меморандум имзолагани хабар қилинган эди.

Лойиҳа тақдири ҳақидаги саволга «Ўзбекнефтегаз» вакили аниқ қурилиш санаси ҳозирча белгиланмаганини маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳамкорлик доирасида асосий вазифа АҚШ компаниясига Ўзбекистонда истиқболли ҳудудларни аниқлаш ва лойиҳани амалга оширишда кўмаклашишдан иборат бўлган.

«Улар Ўзбекистонда истиқболли жойларни белгилаб, гавжум ҳудудлар, катта йўллар ёқасида АЁҚШ очиш масаласини қўйган. Бу бўйича ўрганишлар олиб борилди, барча ҳужжатлар йиғилди», — деди «Ўзбекнефтегаз» вакили.

Айни пайтда хорижий ҳамкор томонидан лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги ва молиявий ҳисоб-китоблари ўрганилмоқда.

Якуний қарор қабул қилинганидан кейингина кейинги босқичга ўтиш масаласи ҳал этилади.

Ўрганишлар республика бўйлаб олиб борилган. Хусусан, барча вилоятлардаги йирик трассалар ва автомобиллар қатнови юқори бўлган йўллар бўйлари таҳлил қилинган. Бироқ ҳозирча қайси ҳудудларда АЁҚШлар қурилиши аниқ белгилангани ҳақида маълумот йўқ.

«Айнан мана шу ерда бўлади, деб айтишга ҳали эрта», — деди компания вакили.

Унинг таъкидлашича, қарор қабул қилишда ҳудудлардаги автомобиллар қатнови, мавжуд АЁҚШлар сони, электромобиллар улуши ва ёқилғига бўлган ички талаб каби омиллар ҳисобга олинади.

Шундан сўнг хорижий ҳамкор қайси ҳудудда янги АЁҚШ қуриш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини баҳолайди.

САНЕГ лицензиялари бўйича «Ўзбекнефтегаз» маълумот бермади

Суҳбат давомида САНЕГ компаниясининг Ўзбекистондаги нефт конлари бўйича лицензиялари бекор қилингани ҳақида ҳам савол берилди. «Ўзбекнефтегаз» вакили бу масала компания ваколатига кирмаслигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, САНЕГ алоҳида ташкилот бўлиб, мазкур масала бўйича «Ўзбекнефтегаз» билан ҳамкорлик ёки бўйсунув муносабатлари мавжуд эмас.

«Бу маълумот Давактив томонидан эълон қилинди. Бу бўйича ўзларидан сўраганингиз тўғрироқ бўлади, чуқурроқ маълумотга эга бўлардингиз», — деди у.

Шунингдек, «Ўзбекнефтегаз» вакилига кўра, САНЕГ билан боғлиқ лицензиялар масаласида компанияга ҳам қўшимча маълумот берилмаган.

«Бизга ҳеч қандай фонд ёки бир улуши бизга ўтгани йўқ», — дея қўшимча қилди у.

Шундай қилиб, ҳозирча АҚШ компанияси билан режалаштирилган АЁҚШлар тармоғи бўйича аниқ қурилиш манзиллари ва муддатлари белгиланмаган. Лойиҳа бўйича қарор хорижий ҳамкорнинг иқтисодий ҳисоб-китоблари якунланганидан кейин қабул қилиниши кутилмоқда.

САНЕГ лицензияларининг бекор қилиниши сабаблари ва компаниянинг кейинги мақоми бўйича эса тўлиқ маълумотни Давлат активларини бошқариш агентлигидан олиш мумкин.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекнефтегаз АҚШ компанияси билан АЁҚШлар қуриш лойиҳаси бўйича ҳали якуний қарор қабул қилмади | Effect.uz