Сўнгги йилларда давлатнинг иқтисодиётдаги устун ўрнини қисқартириш ҳамда хусусий капитал учун қулай шароит яратиш йўлида тизимли чоралар кўрилди. Хусусан, 2023–2024-йилларда “Давлат мулкини бошқариш тўғрисида” ҳамда “Давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши соҳа учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлди.
Тушумлар 55 бараварга ошди ва йирик битимлар амалга оширилди
2020-йилгача бўлган 10 йиллик даврда хусусийлаштиришдан тушган маблағлар атиги 1,1 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2020–2025-йилларда ушбу кўрсаткич 77,6 трлн сўмга етди. “Сот ёки тушунтир” тамойили асосида давлат иштирокидаги корхоналар сони 61 фоизга қисқартирилди.
Халқаро инвесторларни жалб этиш бўйича бир қатор йирик битимлар имзоланди:
■ Cоcа-Cола Узбекистан — 252 млн АҚШ доллари
■ Ипотека банк — 324 млн АҚШ доллари
■ Самарқанд автомобил заводи (75,2% давлат улуши) — 80 млн АҚШ доллари.
Бозор механизмлари: Риелторлик ва Ер бозори
2026-йилда қабул қилинган “Риелторлик фаолияти тўғрисида”ги янги Қонунга мувофиқ, Ягона реестр ва мултилистинг тизими (МЛС) жорий этилмоқда. Бу риелторлик хизматларини “ягона ойна” тамойили бўйича кўрсатиш ва шаффоф рақамли моделга ўтиш имконини беради.
Шунингдек, ер участкаларини ауксионлар орқали реализация қилиш ҳажми 2022–2025-йилларда қарийб 4 бараварга ошди. Биргина 2026-йилнинг биринчи ярмида 1,8 минг гектар ер участкаси сотилиб, 2022-йилдаги йиллик кўрсаткичдан ўзиб кетди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг нодавлат ерларини хусусийлаштириш бўйича мурожаатлари эса 5 бараварга кўпайган.
“Е-ауксион” ва 2030-йилгача мўлжалланган режалари
Рақамли технологияларни жорий этиш натижасида “Е-ауксион” платформаси орқали бугунги кунга қадар 1,5 млн га яқин обект савдога чиқарилиб, уларнинг 1,2 млн дан ортиғи реализация қилинди. Тадбиркорларга тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳамда бўлажак харид ҳуқуқи билан узоқ муддатли ижарага олиш имкониятлари яратилди.
Ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида — 2030-йилга қадар иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш ҳамда давлат иштирокидаги корхоналар сонини яна 6 бараварга қисқартириш мақсад қилинган.
Давлат мулкидан хусусий капиталга: Ўзбекистон иқтисодиётидаги туб трансформация натижалари
Administrator25-август, 2026, 21:2044 кўришлар

Улашиш:


