Хитойда ўтган халқаро иқтисодий форумда Ўзбекистон учун муҳим инвестицион келишувларга эришилди. Энг йирик натижа — 2026–2030-йилларга мўлжалланган 2 миллиард долларлик агроенергетика лойиҳаси бўлди.
Хитойда ташкил этилган халқаро иқтисодий форум доирасида Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим инвестицион келишувларга эришилди.

Форумнинг Б2Б учрашувларида 300 дан ортиқ тадбиркор иштирок этиб, инвестицион ҳамкорлик ва қўшма ишлаб чиқариш занжирларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Миллий иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси раҳбарияти форумдаги чиқишида мамлакатдаги қулай инвестиция муҳити ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг саноат ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришдаги ўрнини таʻкидлади.
Ташриф доирасида делегация аʻзолари Шанхайдаги “САТАМЗ” компаниясининг махсус техника ишлаб чиқариш заводи фаолияти билан танишди. Шунингдек, Ўзбекистон, Хитой ва Россия вакиллари ўртасида иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қаратилган бир қатор меморандумлар имзоланди.
Форумнинг энг муҳим натижаси сифатида қиймати 2 миллиард АҚШ долларига тенг агроенергетика лойиҳаси бўйича келишувга эришилди.
Мазкур лойиҳа 2026–2030-йилларга мўлжалланган бўлиб, уни амалга оширишда Ўзбекистон Миллий иқтисодий ҳамкорлик уюшмаси, Энергетиклар миллий ассоциацияси ҳамда Шанхайнинг етакчи энергетика марказлари ва компаниялари иштирок этади.



