Ташрифда Ўзбекистоннинг Ўмондаги Элчиси Абдусалом Хатамов, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда Марказ Илмий кенгаши аъзолари — Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров ва илмий ходим Шорустам Шомансуров иштирок этмоқда. Делегация аъзолари Ўмон Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси раиси, доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний билан учрашиб, тарихий манбаларни сақлаш ва рақамлаштириш бўйича замонавий технологиялар билан танишдилар. Мулоқот давомида икки халқнинг тарихий ва маданий меросини ўрганишга бағишланган қўшма халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Доктор ал-Зувайёний Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юксак қадрлашини таъкидлади.
Ўз навбатида, Фирдавс Абдухолиқов Президент топшириғига мувофиқ Марказ фаолиятининг уч йиллик дастури ишлаб чиқилаётганини ва унда хорижий муассасалар билан шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш устувор йўналиш эканини қайд этди. Шунингдек, делегация аъзолари Бошқарманинг ихтисослаштирилган бўлинмаларида бўлиб, архив материалларини биологик омиллардан ҳимоя қилиш ва реставрация қилиш жараёнларини кўздан кечиришди. Ўмон томони ўзбекистонлик мутахассислар учун амалий стажировкалар ташкил этишга тайёрлигини маълум қилди. Делегациянинг амалий ташрифи давом этмоқда.




