1258-йил. Тигр дарёси бўйида жойлашган улкан шаҳар — Бағдод. Бу шаҳар асрлар давомида олимлар, табиблар, математиклар, шоирлар ва савдогарларни ўзига жалб қилган. Бу ерда китоблар кўчирилган, қадимги юнон асарлари араб тилига таржима қилинган, астрономия, тиббиёт ривожланган. Аммо энди шаҳар деворлари қаршисида бошқа бир куч пайдо бўла бошлади...
Уларнинг бошида Чингизхоннинг набираси — Ҳулагу хон турарди. Унинг мақсади оддий талончиликдан кенгроқ эди: Яқин Шарқдаги қаршилик марказларини бўйсундириш ва мўғуллар ҳукмронлигини мустаҳкамлаш. Бағдод эса фақат бир шаҳар эмасди. У Аббосийлар халифалигининг пойтахти, мусулмон дунёсидаги энг нуфузли сиёсий, рамзий марказлардан бири эди.
Шаҳарнинг қулаши билан нафақат бир сулоланинг ҳукмронлиги тугарди. Минтақанинг сиёсий ҳаёти, аҳолиси ҳамда маданий мероси ҳам улкан зарбага учрарди. Кейинчалик бу фожиа ҳақида даҳшатли ҳикоялар тарқалди. Айтишларича, китоблар Тигр дарёсига ташланган, сув сиёҳдан қорайган, олимларнинг қони эса дарёни қизартирган.

Лекин бу ҳикояларнинг қайси қисми тарихий манбалар билан тасдиқланади? Бағдоднинг қулашига ўзи нима сабаб бўлди? Ва мўғуллар ҳақиқатан ҳам бутун бир сивилизациянинг билимларини йўқ қилдими? Бу саволларга жавоб бериш учун биз 1258 йилгагина эмас, ундан бир неча аср олдинги Бағдодга ҳам қайтишимиз лозим.
Бағдод — илм-фан ва савдо маркази қандай пайдо бўлди?
Бағдод тарихининг муҳим саҳифаси 762-йилда очилади. Аббосий халифа ал-Мансур янги пойтахтни қурдирди. Шаҳар Тигр дарёси бўйида, савдо йўлларига яқин жойда жойлашган эди. Бу жуда муҳим қарор бўлган. Бағдод Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо алоқалари, сиёсат ва маданий алмашинув учун қулай марказга айланди. Шаҳарга турли ўлкалардан савдогарлар, ҳунармандлар, олимлар келди. Форс, ҳинд, юнон ва бошқа илмий анъаналар ўртасида алоқалар кучайди.
Аббосийлар даврида, айниқса, ВИИИ–Х асрларда таржима ҳаракати катта аҳамият касб этди. Юнон тилидаги фалсафа, тиббиёт, математика асарлари араб тилига ўгирилди. Ҳинд математик анъаналаридан ҳам фойдаланилди. Олимлар фақат қадимги билимларни сақлаб қолиш билан чекланмай, уларни муҳокама қилдилар, текширдилар, ривожлантирдилар.
Бу жараённи фақат битта кутубхона ёки битта халифа билан боғлаб қўйиш тўғри бўлмайди. Унда ҳукмдорлар, таржимонлар, хусусий ҳомийлар, табиблар ҳамда турли шаҳарлардаги илмий муҳит иштирок этган.

Бағдодда “Байт ул-Ҳикма”, яъни “Ҳикмат уйи” номи билан танилган муассаса ҳам мавжуд бўлган. У айниқса халифа ал-Маъмун даври билан боғланади. Бироқ замонавий тарихчилар бир муҳим жиҳатни таъкидлайдилар: Байт ул-Ҳикмани ҳозирги университетга ўхшаган, бутун дунё билимларини ўз ичига олган ягона улкан кутубхона сифатида тасаввур қилиш тарихий воқеликни соддалаштириши мумкин.
Бағдодда бошқа кутубхоналар, китоб тўпламлари, мадрасалар ва олимларни қўллаб-қувватлаган доиралар ҳам бор эди. Демак, Бағдоднинг илмий қудрати битта бино ичида эмас, балки кенг маданий ва интеллектуал тармоқда мужассам бўлган.
Бу ерда яна бир муҳим савол туғилади: агар Бағдод шунчалик бой ҳамда нуфузли шаҳар бўлган бўлса, қандай қилиб у мўғуллар ҳужумига бардош бера олмади? Бунинг жавоби фақат мўғуллар кучида эмас. Бағдоднинг ўз сиёсий аҳволини ҳам тушуниш керак.
Сиёсий инқироз
1258-йилда Бағдод ҳали ҳам катта рамзий аҳамиятга эга эди. Аммо унинг сиёсий қудрати аввалги асрлардаги даражада эмасди. Аббосийлар халифалиги узоқ вақт давомида улкан ҳудудларни бошқарган. Бироқ асрлар ўтиши билан кўплаб вилоятлар марказий ҳокимиятдан мустақиллаша бошлади. Турли сулолалар ўз ҳудудларида мустақил сиёсат юритди.

Бағдоддаги халифа мусулмон дунёсида катта диний ва рамзий нуфузга эга бўлса-да, бу ҳар доим ҳам улкан ҳарбий куч ёки барқарор сиёсий назорат дегани эмасди. 1258-йилда тахтда ал-Мустаъсим Биллоҳ ўтирарди. Унинг ҳукмронлиги даврида мўғуллар ғарбга қараб кенгайишда давом этаётган эди. Ҳулагу хоннинг юриши тўсатдан пайдо бўлмаган. Мўғуллар бир неча йил давомида Эрон, унинг атрофдаги ҳудудларда ўз ҳукмронлигини мустаҳкамлаган эдилар. 1256 йилда улар Низорий исмоилийларнинг кўплаб қалъаларини бўйсундирдилар, жумладан, машҳур Аламут қалъаси ҳам қўлга олинди.
Шундан кейин Бағдод навбатдаги йирик мақсадга айланди. Халифа ва Ҳулагу ўртасида музокаралар олиб борилди. Бироқ икки томоннинг талаблари ва кутилмалари бир-бирига мос келмади. Ҳулагу халифадан мўғуллар ҳокимиятига бўйсунишни талаб қилди. Халифалик эса ўзининг қадимий нуфузи, мустақиллигини сақлаб қолишни истарди.
Бу ерда дипломатик хато ҳақида гапириш мумкин, бироқ тарихни фақат битта одамнинг нотўғри қарори билан тушунтириш етарли эмас.
Бағдоднинг ҳарбий имкониятлари, ҳудудий иттифоқлари, бошқарув тизими ва мўғуллар армиясининг катта ресурслари ҳам ҳал қилувчи омиллар эди. Қисқаси, шаҳар кучли рамзга эга эди, лекин рамзнинг ўзи деворларни ҳимоя қила олмаслиги кунлдек равшан.
Мўғуллар юриши
Ҳулагу хон — Чингизхоннинг набираси, Тўлуйнинг ўғли ва Мўғул империясининг ғарбдаги юришларини бошқарган саркарда эди. Унинг юришлари фақат бир шаҳарни эгаллаш учун эмас, балки бутун минтақадаги сиёсий тартибни ўзгартиришга қаратилганди. Мўғул қўшинлари ҳаракатчанлиги, интизоми. турли ҳарбий усуллардан фойдаланиши билан ажралиб турган. Улар забт этилган ҳудудларнинг ресурсларидан ҳам фойдаланган, маҳаллий ҳукмдорлардан бўйсуниш ва ёрдам талаб қилган.

Бағдодга келганда, Ҳулагу олдида бир нечта мақсад бор эди: халифанинг қаршилигини тугатиш, ғарбдаги ҳокимиятини мустаҳкамлаш, ўз ҳукмронлигини қабул қилмаган сиёсий марказни бўйсундириш. Мўғуллар раҳбарияти учун Бағдод фақат бой шаҳар эмас, балки катта сиёсий рамз ҳам эди. Уни қўлга киритиш бутун минтакага кучли сигнал юбориши мумкин эди.
Баъзи тарихий манбаларда Ҳулагунинг атрофидаги маслаҳатчилар ва маҳаллий сиёсий рақиблар ҳақида ҳам маълумотлар учрайди. Масалан, олим Насириддин Тусий Ҳулагу саройида муҳим ўрин тутган. Бироқ ҳар бир шахснинг Бағдодга қарши қарорга қанчалик таъсир кўрсатганини аниқ белгилаш учун эҳтиёткорлик зарур. Кейинги даврларда ёзилган тарихий асарлар баъзан айрим шахсларнинг ролини бўрттириб кўрсатган.
Ҳулагунинг асосий устунлиги шунда эдики, унинг ортида кенг Мўғул империясининг ҳарбий ҳамда сиёсий ресурслари турган эди. Бағдод эса бундай босимга қарши туриш учун етарли кучга эга бўлмаган. 1257-йил охирига келиб, мўғул қўшинларига Бағдод томон ҳаракатланиш вазифаси берилди. Энди музокаралар вақти тугаб борарди. Шаҳар тақдири ҳал бўладиган кунлар яқинлашгаётганди.
Ҳал қилувчи ҳужум
1258-йил январ ойида мўғул қўшинлари Бағдодга яқинлашди. Шаҳарнинг мудофааси синовдан ўта бошлади. Тасаввур қилинг: бир томонда асрлар давомида халифалар бошқарган пойтахт, иккинчи томонда эса улкан ҳарбий юриш тажрибасига эга мўғул қўшини. Шаҳар деворлари ва ҳимоя иншоотлари аҳолини ҳимоя қилиш учун қурилган эди. Аммо деворлар душманни тўхтатиши учун уларни ҳимоя қиладиган етарли куч, озиқ-овқат, мувофиқлаштирилган қўмондонлик ҳамда ташқи ёрдам ҳам зарур эди.

Бағдоднинг аҳволи тобора оғирлашди. Мўғуллар шаҳарга турли томонлардан босим ўтказди. Қамал давомида шаҳарнинг ташқи ҳимояси заифлашди, мўғул қўшинлари устунликка эришди. Бу ерда бир жиҳатни тушуниш муҳим: ўрта асрлардаги қамаллар фақат қилич ва найзалар тўқнашуви эмасди. Улар озиқ-овқат таъминоти, муҳандислик, сув манбалари, алоқа, руҳий бардош синови ҳам эди.
Қамал остидаги аҳоли учун ҳар бир кун янада оғирлашиб бориши мумкин эди. Ҳарбийлар учун эса шаҳарни сақлаб қолиш ва таслим бўлиш ўртасидаги танлов тобора кескинлашди. Халифа ал-Мустаъсимнинг Ҳулагу билан муносабатлари ҳам вазиятни енгиллаштира олмади. Музокаралар якуний келишувга олиб келмади. Натижада Бағдод мўғуллар қўлига ўтди.
Шаҳарнинг эгалланиши санаси айрим манбаларда турлича берилган. Кўп тарқалган хронологияда мўғуллар 1258-йил 10-феврал атрофида таслим бўлишни қабул қилган, 13 феврал куни эса шаҳарга киргани кўрсатилади. Бу сана фарқлари воқеанинг ўзига шубҳа туғдирмайди. Улар ўрта аср манбаларида қамалнинг турли босқичлари ва тақвим тизимлари қандай қайд этилганини ҳисобга олиш зарурлигини кўрсатади. Энди Бағдоднинг энг оғир саҳифаси бошланарди. Шаҳарнинг қулаши фақат ҳокимиятнинг алмашиши билан чекланмади. Унинг аҳолиси, бинолари, бозорлари ва маданий ҳаёти катта фожиага дуч келди.
Истило оқибатлари
Мўғуллар Бағдодни эгаллагандан кейин шаҳар талон-тарож қилинди, аҳоли орасида катта қотилликлар содир бўлди. Бу фожиа ҳақидаги ўрта аср тарихчилари шаҳарнинг вайрон бўлиши, одамларнинг ҳалокати ва ҳокимиятнинг тугашини жуда оғир сўзлар билан тасвирлаганлар. Бироқ қурбонлар сони ҳақида гапирганда эҳтиёткор бўлиш керак. Ўрта аср манбаларида келтирилган рақамлар бир-биридан катта фарқ қилади. Бундай рақамларни замонавий аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари каби аниқ статистика сифатида қабул қилиб бўлмайди.

Шунинг учун видеода “аниқ фалон миллион одам ҳалок бўлган” каби даъволарни ишончли далилсиз айтмаслик керак. Биз ишонч билан айта оладиган нарса шуки, шаҳар катта инсоний талафотга учради, унинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти оғир зарар кўрди. Бағдоддаги сиёсий тартиб ҳам ўзгарди. Аббосийлар халифасининг шаҳардаги ҳукмронлиги тугади. Халифа ал-Мустаъсим ҳам ўлдирилди. Унинг ўлими Аббосийлар сулоласининг Бағдоддаги сиёсий ҳокимиятига нуқта қўйди.
Аммо бир муҳим фарқ бор: бу воқеа Аббосийлар номи ва сулолавий анъанаси шу заҳоти бутунлай йўқолди, дегани эмас. Кейинроқ Қоҳирада Аббосий халифалари номи билан боғлиқ рамзий анъана давом этди, гарчи улар аввалги Бағдод халифаларидек сиёсий кучга эга бўлмаган бўлсалар ҳам. Шаҳарнинг иқтисодий, маданий ҳаёти ҳам оғир зарба олди. Бино ҳамда инфратузилмаларга зарар етди, аҳоли тарқалиб кетди, турли касб эгалари ҳалок бўлди ёки бошқа жойларга кўчиб ўтди.
Бироқ Бағдод бутунлай йўқ бўлиб кетмади. Кейинги асрларда шаҳар яна яшаш ва маданий фаолият маркази бўлиб қолди. Тарихий фожиани тўғри тушуниш учун шу икки ҳақиқатни бирга кўриш лозим: 1258-йилда ҳалокатли вайронагарчилик содир бўлди, аммо Бағдод тарихи шу ерда тугамади.
Афсона ва тарихий далиллар
Энди бу воқеа ҳақидаги энг машҳур ҳикояга етиб келдик. Айтишларича, мўғуллар Бағдоддаги китобларни Тигр дарёсига ташлашган. Китобларнинг сиёҳи сувни қорайтирган. Бошқа ривоятларда эса дарёга ташланган китоблар ва қоннинг тасвири янада даҳшатли тарзда берилади. Хўш, бу образ нега шунчалик машҳур? Чунки у бир шаҳарнинг вайрон бўлишидан ҳам каттароқ йўқотишни ифодалайди: инсонлар асрлар давомида тўплаган билимлар, қўлёзмалар ва маданий хотиранинг йўқолиши.
Лекин тарихий тадқиқотда таъсирчан ҳикоя билан текшириладиган фактни фарқлаш зарур. 1258-йилги истило пайтида Бағдоднинг кутубхоналари ва китоб тўпламлари зарар кўргани ҳақида тарихий адабиётда кенг муҳокама мавжуд. Бироқ барча китоблар дарёга ташлангани, Тигрнинг ҳақиқатан ҳам бир неча кун қоп-қора бўлиб оққани ёки йўқотилган китоблар сони аниқ қанча бўлгани ҳақида ишончли миқдорий далиллар йўқ.

Шунинг учун “мўғуллар барча китобларни дарёга ташлади” деган гапни шубҳасиз факт сифатида тақдим этиш тўғри эмас. Яна бир муҳим масала — Байт ул-Ҳикма кўпинча 1258-йилда мўғуллар томонидан ёқиб юборилган ягона улкан кутубхона сифатида тасвирланади. Бироқ замонавий тарихчилар унинг ХИИИ аср ўртасидаги аниқ ҳолати, муассаса сифатида қанчалик фаол бўлгани ва бошқа кутубхоналар билан муносабати ҳақида эҳтиёткорлик билан ёзадилар.
Бағдодда билимлар фақат шу бир муассасада сақланмаган. Кутубхоналар, мадрасалар, масжидлар, хусусий тўпламлар, олимларнинг шахсий китоблари ҳам муҳим ўрин тутган. Демак, 1258-йилдаги йўқотишларни битта бинонинг ёниши билан чеклаш мумкин эмас. Аксинча, шаҳарнинг бутун илмий ҳамда маданий тармоғи зарар кўрганини тушуниш керак. Шу билан бирга, бу фожиа мусулмон дунёсидаги барча илм-фан шу куни тугади, дегани ҳам эмас.
Бошқа шаҳарларда олимлар ишлашда давом этдилар. Қўлёзмалар бошқа марказларда сақланди, янги илмий ишлар ёзилди, мўғуллар ҳукмронлиги даврида ҳам айрим минтақаларда илмий фаолият давом этди. Тарихнинг ҳақиқий манзараси содда афсонадан мураккаброқ: жуда катта йўқотиш бўлди, аммо билимлар бир кечада бутунлай йўқолиб кетмади.
Фожиадан кейинги дунё
Бағдоднинг қулаши ҳақидаги энг кенг тарқалган фикрлардан бири шу: мўғуллар илм-фанни йўқ қилди ва мусулмон дунёсидаги илмий тараққиёт шу ерда тўхтади.
Бу фикрда катта фожианинг таъсири бор, бироқ тарихий воқеликни тўлиқ ифодаламайди. 1258-йилдан кейин ҳам олимлар ишлашда давом этдилар. Мўғуллар ҳукмронлиги остидаги айрим ҳудудларда янги илмий марказлар пайдо бўлди ёки ривожланди.

Масалан, Ҳулагунинг ўзи қўллаб-қувватлаган Мароғадаги расадхона ХИИИ асрнинг иккинчи ярмида астрономик тадқиқотларнинг муҳим марказига айланди. У ерда Насириддин Тусий ва бошқа олимлар иш олиб борган. Бу тарихнинг қизиқ зиддиятларидан биридир: Бағдодни забт этган ҳукмдорнинг ўзи кейинчалик илмий муассасани қўллаб-қувватлаган.
Бу, албатта, Бағдодда содир бўлган фожиани оқламайди. Аммо мўғуллар ҳукмронлиги даврини фақат билимларни йўқ қилиш билан изоҳлаш ҳам тўғри эмас. Тарихчилар Бағдоддаги кутубхоналарнинг тақдири, олимларнинг кўчиши, кейинги илмий ҳаётни ўрганиб, мураккаброқ манзарани тиклашмоқда. Баъзи билимлар ҳамда қўлёзмалар йўқолган. Бошқалари бошқа шаҳарларда сақланиб қолган. Олимлар эса турли сиёсий шароитларга мослашиб, ишлашда давом этганлар.
Шу сабабли Бағдод фожиасини бутун бир сивилизациянинг бир кунда йўқ қилиниши сифатида эмас, балки улкан инсоний, сиёсий, маданий зарба сифатида тушуниш аниқроқ бўлади.
Тарихдан қолган сабоқ
1258-йилда Бағдод қулади. Асрлар давомида ҳукмронлик қилган халифаликнинг сиёсий маркази забт этилди. Кўплаб одамлар ҳаётидан айрилди. Шаҳарнинг маданий, иқтисодий ҳаёти оғир зарар кўрди. Кейинчалик бу фожиа ҳақида турли ҳикоялар тарқалди. Китоблар дарёга ташлангани, сув сиёҳдан қорайгани ҳақидаги ривоятлар эса Бағдоднинг йўқотишлари рамзига айланди.
Лекин тарихни ўрганиш биздан яна бир нарсани талаб қилади: таъсирчан ҳикояларни далиллар билан текширишни. Биз мўғуллар ҳужуми оқибатида Бағдод катта вайронагарчиликка учраганини биламиз. Бироқ барча китоблар йўқ қилингани ёки бутун илмий тараққиёт бир кунда тугагани ҳақидаги даъволар тарихий манзарани соддалаштиради.

Бағдоднинг қулаши фақат мўғулларнинг ҳарбий ғалабаси эмасди. У марказий ҳокимиятнинг заифлиги, дипломатик муаммолар ва улкан ҳарбий босим бир нуқтада тўқнашган воқеа эди. Бу воқеанинг энг муҳим сабоқларидан бири шу: шаҳарнинг деворлари қулаши мумкин, давлатлар йўқолиши мумкин, аммо билимнинг тақдири фақат битта шаҳар ёки битта кутубхонага боғлиқ эмас.
Билимни сақлаш учун уни ёзиш, кўчириш, ўргатиш ва кейинги авлодга етказиш керак. Бағдод фожиаси бизга маданий мерос қанчалик қимматли ҳамда айни пайтда қанчалик заиф бўлиши мумкинлигини эслатади. Сиз нима деб ўйлайсиз: Бағдоднинг қулашига асосан ҳарбий куч сабаб бўлдими ёки халифаликнинг ички сиёсий заифлиги ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эгами?
Муаллиф: Ҳабиб Жўрабоев




