Qorong‘i rejim
Маданият

Иззат Шукуров, Райҳон Ғаниева, Ғайбулла Турсунов ва бир қатор санъаткорлар қонун бузгани аниқланди

Akmal Eshonxonov23 кўришлар
Иззат Шукуров, Райҳон Ғаниева, Ғайбулла Турсунов ва бир қатор санъаткорлар қонун бузгани аниқланди

Рақобат қўмитаси ижтимоий тармоқлар ва ташқи реклама обектларида жойлаштирилган 27 та консерт рекламасида фонограмма ёки жонли ижро ҳақида маълумот берилмаганини аниқлади. Ҳолат юзасидан реклама берувчиларга огоҳлантириш юборилди.

Қўмита маълумотига кўра, ўрганиш давомида Лолита, Ани Лорак, Маёт, Николай Фоменко, Иззат Шукуров, «Уммон» гуруҳи, Райҳон Ғаниева ва Ғайбулла Турсунов консертларининг Инстаграм саҳифаларидаги рекламаларида ижро шакли кўрсатилмаган.

Шунингдек, Тохи$, «Машина времени» ва Отар Кушанашвили иштирокидаги дастурларнинг ташқи рекламаларида ҳам бу ҳақда маълумот берилмагани қайд этилган.

Қўмита тегишли реклама берувчиларга рекламаларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш бўйича огоҳлантиришлар юборган.

Амалдаги талабларга кўра, консерт рекламасида ижро шакли «Жонли ижро», «Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз» ёки «Фонограммали консерт дастури» деб аниқ кўрсатилиши лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 8-апрелдаги 207-сон қарори ҳамда «Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 44-моддасига мувофиқ, фонограммадан фойдаланилганда, рекламада унинг қай даражада қўлланилиши ҳақида ахборот берилиши шарт. Ташқи рекламаларда бу маълумот реклама майдонининг камида 10 фоизини эгаллаши керак.

Бундан ташқари, ташкилотчилар томоша бошланишидан олдин фонограммадан фойдаланилиши ҳақида аудиохабар беришни таъминлаши лозим. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасида ҳам консерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш ҳақида ахборот кўрсатилиши белгиланган.

Рақобат қўмитаси мониторинг давом эттирилишини, талаблар бузилган ҳолатларда қонунчиликда белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилишини маълум қилди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар