Маданият

Мовароуннаҳрдан Ўмонгача: Маданий мулоқот ва ислом сивилизасияси меросининг янги босқичи

Akmal Eshonxonov11 кўришлар
Мовароуннаҳрдан Ўмонгача: Маданий мулоқот ва ислом сивилизасияси меросининг янги босқичи

Анжуман очилишидан аввал фахрий меҳмонлар — Ўмон Султонлиги Вақфлар ва диний ишлар вазири доктор Муҳаммад бин Саид бин Халфон Маамарий, Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази бош котиби Ҳабиб бин Муҳаммад Риёмий, Давлат кенгаши аъзоси доктор Муҳаммад Саид Амур Ҳажрий ҳамда бошқа маърифат ва ижод намояндалари Марказ томонидан тайёрланган кўргазма билан танишдилар. Экспозицияда Ўзбекистоннинг бой тарихий, илмий ва бадиий меросини акс эттирувчи 150 дан ортиқ китоб нашрлари, миниатюралар ва ҳайкалтарошлик намуналари намойиш этилди. Марказнинг ноширлик лойиҳалари ва Мовароуннаҳр меросини ўрганиш борасидаги фаолияти иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган форумда 250 нафарга яқин иштирокчи — сенаторлар, дипломатлар, давлат ва маданият арбоблари ҳамда етакчи олимлар қатнашди. Анжуманни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов, элчи Абдусалом Хатамов ва Ҳабиб бин Муҳаммад Риёмий қутлов сўзлари билан очиб бердилар, шунингдек, Марказнинг илмий-маърифий лойиҳаларига бағишланган видеотақдимот намойиш этилди.

Илмий сессияда икки мамлакат олимлари Мовароуннаҳр ва Ўмоннинг ислом сивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини атрофлича муҳокама қилишди. Доктор Саиф бин Солим бин Саиф Ҳодий Ўмон жамиятидаги тинч-тотув ҳамжиҳатлик тажрибаси ҳақида сўз юритган бўлса, ЎзР ФА вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов қўлёзма меросини сақлаш ва рақамлаштириш истиқболларини ёритиб берди. Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров Ўзбекистондаги ислом таълими тарихи, ТДШУ профессори Шорустам Шомансуров эса олий таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорлик имкониятларига тўхталиб ўтди.

Симпозиумнинг амалий натижаси сифатида Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази томонидан Султон Қобус номидаги Олий маданият ва фан маркази ҳамда «Байт аз-Зубайр» музейи билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Тадбир доирасида хорижий шерикларга Катта Лангар Қуръони факсимиле нашри, «Учинчи Ренессанс пойдевори» китоби ва 120 та нашр сертификатлари тақдим этилди. Делегация аъзолари, шунингдек, Ўмон Миллий музейида бўлиб, музейшунослик ва маданий меросни асраш соҳасида тажриба алмашдилар.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Мовароуннаҳрдан Ўмонгача: Маданий мулоқот ва ислом сивилизасияси меросининг янги босқичи | Effect.uz