Хатирчи туманидаги Чинор қишлоғи атрофидан тош даврига оид қадимий манзилгоҳлар, ғор маконлари ва қоятош суратлари топилди. Тадқиқотчилар топилмаларни мезолит ва неолит даврларига хос деб баҳоламоқда.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ҳамда Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ҳамкорлигида ташкил этилган илмий экспедиция Навоий вилояти Хатирчи туманида археологик қидирув ишларини олиб борди.
Тадқиқотлар Нурота тоғ тизмаси этакларидаги Ангидон маҳалласига қарашли қишлоқларда ўтказилди. Дала ишларида экспедиция аъзолари Одил Эргашев, Алишер Рабжабов ва Абдулла Бахронов иштирок этди. Уларга Навоий давлат университети ўқитувчиси Лазиз Пардаев ҳам кўмаклашди.

Қидирувлар давомида ҳудуддан тош даврига оид очиқ турдаги манзилгоҳлар ва ғор маконлари аниқланди. Тоғ ёнбағирларидаги террасалар яқинида жойлашган булоқлар атрофидан археологик буюмлар йиғиб олинди. Шунингдек, Чинор қишлоғи атрофида қоятош суратлари топилди. Келгусида ўрганиш учун истиқболли булоқлар ва мозор-қўрғонлар ҳам харитага туширилди.
Топилган тош буюмлар асосан қумтош ва жигарранг кремний хомашёсидан тайёрланган. Улар орасида тош пичоқлар, ретушланган учириндилар ва пластиналар, микропластинкалар, тиғлар ҳамда қиргичлар бор.
Артефактларнинг ишланиш техникаси ва сақланиш хусусиятларига кўра, улар Голоцен даврининг бошланғич босқичларига оид бўлиши тахмин қилинмоқда. Умуман, топилмалар мезолит ва неолит даврларига хос моддий маданият намуналарини акс эттиради.

Аниқланган ёдгорликлар машҳур Учтут, Ижонт ва Вауш тошга ишлов бериш устахоналаридан тахминан 25–30 километр масофада жойлашган. Шу боис Чинор қишлоғи атрофидаги қадимий манзилгоҳларда ишлатилган хомашё мазкур устахоналардан келтирилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Тадқиқотларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, Хатирчи тумани ҳудудида тош даврига оид археологик ёдгорликлар илк бор қайд этилди. Бу топилмалар ҳудуднинг қадимги тарихини қарийб 10 минг йил ва ундан ҳам узоқ даврларга олиб бориб тақаш имконини бермоқда.
Мутахассислар келгусида қидирув ва илмий тадқиқотларни давом эттириб, аниқланган ёдгорликларнинг маданий ва даврий хусусиятларини чуқур ўрганишни режалаштирган.




