Глобаллашув, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект жадал ривожланаётган бугунги шароитда маънавий қадриятларни асраш, илм-фан ютуқларини ҳаётга татбиқ этиш ва ёш авлодни тарбиялашда зиёлиларнинг фаоллиги ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Кенгаш йиғилишида олимлар, тарихчилар, адиблар, шоирлар, санъат ва маданият намояндалари, журналистлар, педагоглар ҳамда турли касб эгалари жамланиб, зиёлиликни фақат касб ёки унвон эмас, балки жамият тақдирига дахлдорлик ва халқ манфаатига хизмат қилиш мезони сифатида намоён этди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдовнинг таъкидлашича, турли соҳа вакилларининг ягона майдонда бирлашуви зиёлилар салоҳиятини самарали ишга солишга хизмат қилади. Унинг фикрича, йиғилишда билдирилган таклифлар муҳокама доирасида қолиб кетмасдан, давлат даражасида кўриб чиқилиши, амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилиши ва ёшларнинг ўзлигини англаши, ватанпарварлик руҳида камол топишига хизмат қилиши лозим.
Биринчи шўба муҳокамаларида миллий ўзлик ва рақамли муҳит уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилди. Медиа эксперт Беруний Алимов мамлакат ҳақидаги тасаввурлар шаклланишида сунъий интеллект платформаларининг ўрни ортиб бораётганини қайд этиб, Генеративе Энгине Оптимизатион (ГЕО) йўналишида фаол ишлаш зарурлигини билдирди. Хорижий инвесторлар, сайёҳлар ва меҳмонлар сунъий интеллект орқали маълумот излаётган бир пайтда Ўзбекистон тарихи, қадриятлари ва илмий ютуқларига оид ишончли миллий мазмунни рақамли маконда кўпайтириш муҳимдир. Шунингдек, у Сциенце Цоммуницатион — илм-фан коммуникасиясини ривожлантириш, ёш олимларни жамоатчиликка очиқ ва содда тилда сўзлашга жалб этиш, илмий натижаларни амалиёт ва қарор қабул қилиш жараёнлари билан боғлаш таклифини илгари сурди.
Иккинчи шўбада ватанпарварлик тарбиясини фақат ҳарбий хизмат билан чекламасдан, яхлит тизимга айлантириш масаласи кўтарилди. Мудофаа вазирининг маслаҳатчиси Олимжон Ўсаров «ватанпарвар кластер» консепсиясини қабул қилиш, унда оила, боғча, мактаб, маҳалла, олий таълим ва армиянинг аниқ ўрни ҳамда вазифаларини белгилашни таклиф этди. Бундан ташқари, йигитлик бурчини ўтаётган ўғлонларнинг хонадонларига Ўзбекистон байроғини ўрнатиш, маҳаллаларда «Ватан посбонлари» бурчакларини ташкил этиш, намунали ҳарбий хизматчиларнинг ёшлар билан учрашувларини йўлга қўйиш ҳамда юрт равнақига ҳисса қўшаётган фарзандларни тарбиялаган ота-оналарни «Ватанпарвар она» ёки «Ватанпарвар ота» орденлари билан рағбатлантириш ташаббуслари билдирилди.
Тўртинчи шўбада давлат тили нуфузи, адабиёт ва китобхонлик маданиятини юксалтириш юзасидан қатор амалий ғоялар ўртага ташланди. Ёш ижодкор Нилуфар Эргашева ташкилот ва корхоналарда давлат тили қоидаларига риоя этилишини қўллаб-қувватловчи «Тил шифохонаси» лойиҳаси ва бепул хизмат кўрсатувчи ботни йўлга қўйиш, шунингдек, волонтёрлар иштирокида ҳудудий шевалар, халқ мақоллари, маталлар ва оғзаки ижод намуналарини тўплашга қаратилган «Хазина» («Тил посбонлари») ижтимоий лойиҳасини таклиф этди. У «Ёшлик», «Саодат» ва «Жаҳон адабиёти» журналларига таълим муассасаларида обунани кенгайтириш ҳамда буюк аждодлар ҳаёти ва асарлари асосида замонавий видеорилслар яратиш орқали ёшларни мутолаага қизиқтириш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Бобур Бобомурод эса болалар адабиётини қўллаб-қувватлаш, ижодкорларни рағбатлантириш, китобларни ўқувчиларга етказиш ва мактаб кутубхоналари фаолиятини кучайтириш зарурлигига эътибор қаратди. Унинг фикрича, зиёлилар жамиятдаги ислоҳотларни халққа тушунарли тилда етказиши, ижтимоий саволларга бадиий ва илмий ижод орқали жавоб излаши лозим.
Зиёлилар кенгашининг илк йиғилишида билдирилган таклифларни амалий дастурларга айлантириш, уларнинг ижро механизмларини белгилаш ва жамоатчилик иштирокида ҳаётга татбиқ этиш миллий тараққиётнинг муҳим омилидир. Кенгаш доимий ҳамкорлик ва амалий натижалар майдонига айлангандагина зиёлиларнинг интеллектуал салоҳияти жамиятнинг маънавий ва интеллектуал юксалишига тўлақонли хизмат қилади.
Зиёлилар мулоқотидан амалий ташаббуслар сари: миллий юксалишнинг интеллектуал таянчи
Akmal Eshonxonov1 кўришлар

Улашиш:
Ўхшаш янгиликлар

Маданият
Иззат Шукуров, Райҳон Ғаниева, Ғайбулла Турсунов ва бир қатор санъаткорлар қонун бузгани аниқланди
19-ноябр, 2026, 11:5071

Маданият
Навоийда тош даврига оид янги археологик ёдгорликлар аниқланди
18-ноябр, 2026, 16:1287

Маданият
26 та археология ёдгорлигига зарар етказилди
16-ноябр, 2026, 11:3549

Маданият
Халқаро танлов ғолибларига 300 миллион сўмгача мукофот берилади
14-ноябр, 2026, 16:3273