Ўзбекистонда дори воситаларини рецепциз сотиш тоифасига киритиш мезонлари қатъийлаштирилди. Янги тартиб 12-ноябр куни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Эндиликда дорининг хавфсизлиги, ножўя таъсирлари, нотўғри қўлланиш, дозани ошириб юбориш, суиистеъмол қилиш ва қарамлик келтириб чиқариш хавфи ҳам баҳоланади. Шунингдек, қўллаш йўриқномасининг истеъмолчи учун тушунарлилиги ҳисобга олинади.
Икки ёки ундан ортиқ фаол моддадан иборат дорилар ҳам белгиланган мезонлар асосида рецепциз бериладиган тоифага киритилиши мумкин.
Яна бир ўзгаришга кўра, аризаси рад этилган шахс камчиликларни бартараф этган ёки янги маълумотларга эга бўлган тақдирда, уч йилни кутмасдан қайта мурожаат қилиши мумкин. Ваколатли орган эса янги маълумотлар ва фармаконазорат натижалари асосида дорининг тоифасини қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.




