Ўзбекистонда табиий газ билан таъминланмаган ҳудудлар аҳолиси учун электр энергияси меъёри оширилди. Эҳтиёжманд оилаларга эса суюлтирилган газ хариди учун ойига 60 минг сўмгача компенсация тўланади.
Ҳукумат қарорига кўра, 1-ноябрдан табиий газ мавжуд бўлмаган ёки уни етказиб бериш қийин ҳудудларда иситиш мавсуми учун электр энергиясининг ойлик базавий меъёри 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатга оширилди.
15-ноябрдан эса аҳоли учун суюлтирилган газнинг бир килограмми 5 минг сўм (ҚҚС билан) этиб белгиланди. Ушбу нарх ва харажатлар ўртасидаги фарқ давлат бюджетидан субсидия сифатида қопланади.
Шунингдек, эҳтиёжманд оилаларга харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар килограмми учун 3 минг сўмдан, ойига 20 килограммгача компенсация ажратилади. Бу бир ойда 60 минг сўмгача ёрдам дегани.
Компенсация маблағлари ижтимоий картага ўтказилади. Тўловлар 2030-йилгача давом этади.




