Президент Шавкат Мирзиёев 10-ноябрдаги фармони билан 2027–2031-йилларга мўлжалланган еттита миллий дастурни тасдиқлади. Улар таълим, тиббиёт, иқтисодиёт, экология, суд-ҳуқуқ тизими, маҳалла ва ташқи сиёсатни ривожлантиришга қаратилган.
Дастурларда белгиланган асосий мақсадлар қуйидагилар:
Таълим: 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов билан тўлиқ қамраб олиш, камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро рейтингларнинг топ-1000 талигига киритиш, 10 миллион ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига жалб қилиш.
Тиббиёт: соғлиқни сақлаш харажатларини ЯИМнинг 5 фоизига етказиш, барча хонадонларни давлат тиббий суғуртаси билан қамраб олиш ва камида бешта нуфузли хорижий клиникани жалб қилиш.
Иқтисодиёт: 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, ЯИМни 300 миллиард долларга етказиш, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш.
Экология: суғориладиган майдонларда сув тежовчи технологиялар қамровини 100 фоизга етказиш, туман ва шаҳар марказларида яшиллик даражасини 30 фоизга ошириш.
Суд-ҳуқуқ тизими: суд мустақиллиги ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, кибержиноятчилик, гиёҳвандлик, одам савдоси ва яширин иқтисодиётга қарши курашни кучайтириш.
Маҳалла: давлат дастурлари, бюджет ва инфратузилма лойиҳаларини маҳаллалар эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантириш. Маҳалла буюртмалари бўйича 30 кун ичида асослантирилган қарор қабул қилиш тартиби жорий этилади.
Ташқи сиёсат: миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, мувозанатли ташқи сиёсатни давом эттириш, 2027–2030-йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик доирасида ташаббусларни илгари суриш.
Миллий дастурлар инсон қадри ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш, мамлакат тараққиётининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган.




