Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасидаги лойиҳаларни давлат грантлари орқали қўллаб-қувватлаш тартиби тасдиқланди. Танловда нодавлат юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилган шахслар ва ижодий жамоалар иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Грантлар театр, сирк, мусиқа, рақс, номоддий маданий мерос, кино ва анимация, адабиёт, маданият таълими, инклюзив ва ижтимоий лойиҳалар, стартаплар, сунъий интеллект ҳамда рақамлаштириш йўналишларида ажратилади. Умумий молиялаштириш лимитлари 1 миллиард сўмдан 1,5 миллиард сўмгача этиб белгиланган.
Танловда қатнашиш учун ОнеИД орқали махсус платформада рўйхатдан ўтиш керак. Аризалар танлов эълон қилинганидан кейин 30 календар кун давомида қабул қилинади. Ҳар бир иштирокчи фақат битта йўналиш бўйича ариза бериши мумкин. Иштирок бепул.
Танлов беш босқичда ўтказилади. Лойиҳалар комиссия томонидан баҳоланади. Камида 60 балл тўплаган ишлар рейтинг асосида ва ажратилган маблағлар доирасида молиялаштиришга тавсия этилади. Ҳужжатларда тузатиш мумкин бўлган камчиликлар аниқланса, уларни бартараф этиш учун 5 иш куни берилади.
Ғолиблар билан натижалар эълон қилинганидан кейин 10 иш куни ичида шартнома тузилади. Одатда грантнинг 50 фоизи дастлабки траншда, қолган қисми эса самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши ва оралиқ ҳисоботлар тасдиқланишига қараб икки босқичда ўтказилади. Олти ойгача давом этадиган лойиҳалар учун маблағ тўлиқ ажратилиши мумкин.
Грант маблағлари шартномада белгиланган мақсадлар ва смета асосида сарфланиши шарт. Лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва натижалари мониторинг қилиб борилади.
Танлов жараёни ёки натижаларидан норози бўлган иштирокчилар 10 кун ичида апелляция шикояти бериши мумкин. Апелляция комиссияси қароридан норози бўлганлар судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Лойиҳа натижасида яратилган интеллектуал мулк ҳуқуқлари муаллифлар ёки бошқа ҳуқуқ эгаларида сақланади. Маданият вазирлиги ундан фақат ҳуқуқ эгасининг розилиги билан нотижорат мақсадларда фойдаланиши мумкин.




