Жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган аёлларнинг уч ёшгача бўлган фарзандлари учун махсус давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилади.
Бу президентнинг 2026-йил 12-ноябрдаги ПҚ–395-сон қарорида белгиланган.
Ҳужжатга кўра, 1-декабрдан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги 21-сон жазони ижро этиш колонияси қошидаги Болалар уйи негизида ҳамда 42-сон манзил-колонияда «Она ва бола маркази» номли махсус боғчалар ташкил этилади.
Марказларда беш нафаргача болани қамраб оладиган, кечаю кундуз ишлайдиган гуруҳлар фаолият юритади. Уларда болаларнинг яшаши, ёшига мос ривожланиши, тарбияланиши ва тиббий хизматлардан фойдаланиши учун шароит яратилади.
Болалар озиқ-овқат, кийим-кечак, поябзал ва зарур анжомлар билан таъминланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги уларни ўз вақтида эмлаш ва тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этади.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги эса ҳар чоракда она ва бола учун яратилган шароитларни мониторинг қилиб боради.




