Ўзбекистонда 2024–2030-йилларга мўлжалланган чанг-тўзон бўронларига қарши курашиш миллий дастури қабул қилинди. Дастур доирасида 2028-йилга қадар кучли чанг-тўзон бўронлари юзага келиш интенсивлигини 50 фоизга камайтириш режалаштирилган. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилди.
Қўмита маълумотига кўра, Орол денгизининг қуриши оқибатида қарийб 3 миллион гектар ердан фойдаланиш имконияти йўқолган. Ушбу ҳудуднинг 56 фоиздан ортиғи кучли шамол эрозиясига учрамоқда. Ерлар деградацияси ва чўлланишидан келиб чиқадиган йиллик иқтисодий зарар эса 830 миллион долларга баҳоланган.
Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқотларга кўра, Тошкентдаги ПМ2.5-майда заррачаларининг йиллик ўртача консентрациясида шаҳар ташқарисидан шамол орқали келадиган чанг улуши 36 фоизгача етади. Қуруқ ёз ойларида бу кўрсаткич 50 фоиздан ошади.
Дастур доирасида атмосфера ҳавоси сифатини кузатиш учун 347 та автоматлаштирилган стансиядан иборат ягона тармоқ ташкил этиш, эрта огоҳлантириш тизимини ривожлантириш, деградацияга учраган ерларни тиклаш ва ҳимоя яшил ҳудудларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон чанг-тўзон бўронларини минтақавий мониторинг қилиш ва прогнозлаш, чанг манбаларини сунъий йўлдошлар орқали баҳолаш, яйловлар ҳамда сув ресурсларини барқарор бошқариш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш чораларини таклиф этди.




