Учрашувлар доирасида Навоий вилояти ҳокими “Сун Авиатион Пвт. Лтд.” компанияси бошқарувчи директори Рави Наяр билан Навоий–Деҳли–Навоий йўналишида мунтазам карго қатновларини йўлга қўйиш масаласини муҳокама қилди. Ҳозирда ушбу йўналиш бўйича дастлабки синов партияси сифатида қуруқ мева маҳсулотлари Ҳиндистонга жўнатилган. Келишувга кўра, дастлабки босқичда ҳафтасига 7 та ҳаво кемасида юк ташувлари амалга оширилади, кейинчалик эса рейс сонини кунига 4 тагача етказиш режалаштирилган. Бу авиайўлак Ҳиндистон, Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ўртасида экспорт-импорт маҳсулотларини манзилли тақсимлаш тизимини яратади.
Шу билан бирга, аеропорт ҳудудидаги карго хаб негизида озиқ-овқат логистика кластери ташкил этилиб, гўшт ва бошқа маҳсулотларни сақлаш, саралаш ҳамда қадоқлаш инфратузилмаси йўлга қўйилади. Маҳсулотлар сифатини сақлаш мақсадида махсус рефрижераторлар ёрдамида узлуксиз “совуқ логистика занжири” таъминланади. Бундан ташқари, Ҳиндистоннинг етакчи фармацевтика компанияларини вилоятга жалб этиш ва ҳамкорликда дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Навоий–Деҳли–Навоий карго йўлагининг расмий очилиш маросими 20 август куни ўтказилади.
Кеча, шунингдек, Навоий шаҳридаги "Маънавият ва маърифат" марказида Эрон Ислом Республикасининг Марказий вилояти губернатори Меҳди Зандие Вакили ва Эроннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Муҳаммад Али Искандарий бошчилигидаги кенг қамровли делегация иштирокида ҳудудлараро бизнес-форум бўлиб ўтди. Делегация таркибидан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, металлургия, кончилик, нефт-газ, кимё ва автомобилсозлик каби соҳаларнинг 50 дан ортиқ вакиллари ўрин олди.
Музокаралар давомида Навоий вилоятининг хомашё базасини Марказий вилоятнинг юқори саноат ва инжиниринг салоҳияти билан бирлаштиришга қаратилган 3 та асосий йўналиш илгари сурилди:
● Кимё ва нефт-кимё кластери: «Навоиязот» АЖда ишлаб чиқарилаётган ПВХ, карбамид, метанол ва каустик сода базасида ПВХ қувурлари, кабеллар, смола ва сув тозалаш реагентларини маҳаллийлаштириш. Эроннинг Саве ва Каве саноат ҳудудлари тажрибаси асосида маиший кимё ҳамда ювиш-тозалаш воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш.
● Оғир машинасозлик ва саноат сервиси: НКМК, «Навоиюран» ва «Қизилқумсемент» каби саноат гигантларининг кон ва технологик ускуналарга бўлган эҳтиёжини жойнинг ўзида қондириш учун сервис кластерини шакллантириш.
● Энергетика ва электротехника: «Навоий» ЭИЗ ҳудудида трансформаторлар, тақсимлаш қурилмалари ҳамда қайта тикланувчи энергетика ускуналарини маҳаллий йиғиш базасини яратиш.
Форум доирасида маҳаллий маҳсулотлар кўргазмаси, Б2Б ва Г2Б музокаралари ўтказилди, эронлик мутахассислар 5 та соҳавий гуруҳга бўлинган ҳолда вилоятдаги йирик корхоналар фаолияти билан танишдилар. Тадбир якунида икки ҳудуд ҳокимликлари ҳамда Савдо-саноат палаталари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Навоий халқаро аеропорти ва «порто-франко» эркин божхона зонаси имкониятларидан фойдаланган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилди.



















